“Қассоб Каражич” умрбод озодликдан маҳрум этилди

“Қассоб Каражич” умрбод озодликдан маҳрум этилди

Босниялик серблар етакчиси Радован Каражич бир умрга озодликдан маҳрум этилди. У инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидда айбдор деб топилди.

Гаага трибунали судялари Серб Республикасининг собиқ президенти ва собиқ Олий бош қўмондони қассоб Каражич лақабли Радован Каражични 1991-1995 йиллардаги Болқон уруши пайтида Босния ва Герценовина ҳудудида жиноятлар содир этган деб ҳисоблади. Хусусан, унинг мақсади босниялик серблар ўзиники деб даъво қилган ерлардан мусулмонлар ва хорватларни қувиш, Сараево шаҳри аҳолисини қўрқитиш, Сребреницада мусулмонларни қириш бўлган. Бу анклавда 1995 йилда 7-8 минг мусулмон шафқаптсизларча ўлдирилган.

2016 йилда собиқ Югославия бўйича БМТ халқаро трибунали Радован Каражични 40 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. Бироқ ҳимоя томони юмшоқроқ жазо берилиши талаб қилди, айблов томони эса жазони етарли эмас деб ҳисоблади.

Кеча, 20 март куни Апелляция палатаси қарори билан аввалги қарор ўзгартирилди ва 73 ёшли Радован Каражич бир умрга озодликдан маҳрум этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!