Қашқадарёдаги "спектакль": ўзи мактаб директори, ўғли электрик, қизи психолог, келини эса қоровул

Қашқадарёдаги "спектакль": ўзи мактаб директори, ўғли электрик, қизи психолог, келини эса қоровул

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи Насимжон Баратов ва унинг ҳамкасблари «Дарё» таҳририятига мурожаат қилиб, ўзлари фаолият юритаётган 37-мактаб директори Лобар Раҳимова таниш-билишчиликни авжига чиқарганидан нолиди. Уларнинг айтишича, мактабда «ревизор»га деб ўқитувчиларнинг август ойи иш ҳақидан миллионлаб сўм маблағ ушлаб қолинган.

Панжи қишлоғида яшовчи ўқитувчилар мурожаатини ўрганиш мақсадида Китоб туманида бўлган «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг ёзишича, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳам Лобар Раҳимова раҳбарлигидаги умумтаълим мактабида директорнинг 2 нафар ўғли, келини ва қизи ишлаб келганини тасдиқлаган.

— Мактабимизда адолатсизликлар жуда кўп, — дейди мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Насимжон Баратов. — Масалан, жорий йил август ойида ўтказилган аудит текширувини ёпиш учун 14 нафар ўқитувчидан 2 миллион сўмга яқин пул ушлаб қолинди.

Ўқитувчи Моҳигул Раҳматованинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, унинг маошидан ҳам каттагина сумма ушлаб қолинган.

— Август ойи иш ҳақимдан 325 минг сўм ушлаб қолинган экан, — дейди Моҳигул Раҳматова. — Сабабини сўрасам, ҳисобчимиз Шоира опа Эргашева «ревизияни ёпиш учун» деди.

Ўқитувчи Гулсара Ашурова ҳам август ойи иш ҳақидан ушлаб қолинганлигини айтар экан, «ревизия» ҳақида унга ҳеч ким ҳеч нарса демаганини билдирмоқда.

— Август иш ҳақимдан 955 минг сўм ушлаб қолишган эди, — дейди Гулсара Ашурова. — Сабабини сўрасам, адашибмиз дейишди. Сентябрь ойида ойлик иш ҳақимга қўшиб ўтказиб беришларини айтишди. Сентябрь ойида олган маошим 1 миллион 800 минг сўм. Яъни ўзгариш йўқ. Демак, ҳали пулимни беришмади.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган қолган 20 нафарга яқин ўқитувчи иш ҳақидан ушлаб қолишмагани, «ревизияни ёпиш» ҳақида эшитишмаганини айтишди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиевнинг 2019 йил 27- сентябрь куни мурожаатчи Насимжон Баратовга йўллаган жавоб хатида ёзилишича, 2019 йил 1 август куни бошқарманинг ички аудит ва молиявий назорат хизмати ходимлари ушбу мактабда текширув ўтказган. Текширувда 1 миллион 610 минг сўм камомад аниқланган.

Мурожаатчи Насимжон Баратовнинг «Дарё» мухбирига айтишича, мактаб директори 2 нафар ўғлини электрик, қизини психолог, келинини эса қоровул сифатида ишга олган.

— Директоримиз мактаб трансформатори ҳамда электр шити қаерда жойлашганини билмайдиган ўғилларини электрик сифатида ишга қабул қилган, — дейди Насимжон Баратов. — Электр шити қаерда жойлашганини билмайдиган киши мактабда йиллаб ишлаганига қандай ишониш мумкин?

Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси масъулларининг маълумот беришича, мактаб директори Лобар Раҳимова 2015 йил 1 июнь куни 14-сонли буйруқ чиқариб, ўғли Шукуров Комилни электрик сифатида ишга қабул қилган. 2016 йил 1 декабрь куни ўғли Комилни ишдан бўшатиб, ўрнига 9-сонли буйруққа асосан иккинчи ўғли Қувончбек Шукуровни электрик қилиб тайинлаган. Сўнгра электрик штати қисқаргани боис, 2017 йил 1 декабрь куни Қувончбек Шукуров ҳам ишдан бўшатилган.

— Комил Шукуров бизнинг мактабда электрик сифатида ишлаб юрган кезлари қишлоғимиздаги коллежда ҳам фаолият юритган, — дейди Насимжон Баратов. — Коллежда ҳам масъул вазифада ишлаган. Мактабга деярли келмаган. Аммо ойлик иш ҳақини олиб юраверган. Қувончбек Шукуров эса бизда ишлаб юрган пайти талаба сифатида олийгоҳда ўқирди. Хўш, эндиям ишониш мумкинми ўша электриклар мактабга келгани ва ишлаганига?

Ўқитувчиларнинг айтишича, директорнинг келини Сурайё Саидова ҳам мактабда қоровул сифатида ишга қабул қилинган ва ишга келмасдан ойлик олади.

— Аёл киши қоровул сифатида ишга олинган, — дейди ўқитувчилар. – Қандай қилиб ёш болали аёл мактабни қўриқлаши мумкин?

Вилоят халқ таълими бошқармаси масъули Мақсуд Панжиевнинг маълумот беришича, ҳақиқатан ҳам мактаб директори 2018 йил 1 ноябрь кундаги буйруғига асосан келини — Саидова Сурайёни 0,5 ставка штат бирлигида қоровул сифатида ишга олган. Мурожаатчилар шикоятига асосан бу аниқлангач, келин 2019 йил 31 август куни ишдан бўшатилган.

— Директоримизнинг келини 0,5 ставкада ишласа-да, 577 минг сўмдан ойлик олиб келган, — дейди Насимжон Баратов. — Ҳужжатда ярим ставка кўрсатилиб, тўлиқ штат бўйича ойлик тўланган. Буни қандай тушуниш керак?

Мактаб директорининг маълумот беришича, мактаб қоровулига ярим ставка учун 220-230 минг сўм миқдорида маош тўланиши керак.

— Ҳақиқатан ҳам келиним Саидова Сурайёни ярим ставкада қоровул сифатида ишга олганман, — дейди Лобар Раҳимова. — Келиним ҳар куни ишга келган.

Ўша куни «Дарё» мухбири билан мулоқот қилган ўқитувчиларининг барчаси директорнинг ўғиллари ҳамда келини Сурайё Саидованинг мактабга бирор марта бўлса-да, келиб-кетганини кўрмагани, ҳатто ўғилларининг электрик сифатида ишлаганидан энди хабар топаётганини билдирди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси масъулларининг сўзига кўра, мактаб директорининг қизи Нилуфар Шукурова ҳақиқатан ҳам мактабда 0,5 ставка штат бирлигида психолог сифатида иш юритади. Бу ҳақда мактаб директорининг 2018 йил 5 сентябрдаги буйруғи бор.

— Қизимнинг психолог сифатида мактабимизда ишлаши бу нотўғри хатти-ҳаракат эмас-ку, — дейди мактаб директори Лобар Раҳимова. —Ўқитувчи бўлиб дарс бериш баробарида, психолог сифатида ҳам иш юритиши ёмонми?

Мактаб директори ҳамда 20 нафар ўқитувчи иштирок этган мулоқотда педагоглар раҳбарини аттестат сотишда ҳам айблади.

— Қўшни Чинор қишлоғида яшовчи Шаҳризод Маҳматқулов якуний имтиҳонларни ҳам топширмай аттестат олиб кетди, — дейди Насимжон Баратов. — Ўша ўқувчи ўқув йили бошида 5 кун, ўқув йили ўртасида 1 кун ва якунида ҳам 1 кун ўқиб, осонгина ҳужжатли бўлди.

Математика фани ўқитувчиси Гулсара Ашурова қинғир-қийшиқ йўл билан аттестат олгани айтилаётган Шаҳризод Маҳматқуловга ўз фанидан баҳо қўймаганини ва имтиҳонга ҳам киритилмаганини айтиб, ўқувчининг қандай қилиб аттестат олганидан ажабланмоқда.

— Шаҳризод Маҳматқулов синф журналида йўқлиги ва дарсларга умуман қатнашмагани сабаб баҳолари йўқлигини айтиб, йил якунидаги имтиҳонга киритмадим, — дейди Гулсара Ашурова. — Бу ҳақда директорга ҳам билдирдим. Имтиҳонга қўймаслигимни айтдим. Шундай бўлса-да, менинг имтиҳонимдан ўтолмаган ўқувчи аттестат олиб кетган.

Ўқитувчиларнинг айтишича, битта имтиҳондан ўтолмаган ёки имтиҳонга қўйилмаган ўқувчи кейинги имтиҳонларга қўйилмаслиги керак.

Мактаб директори ушбу ҳолатни изоҳлар экан, «ўқувчи дарсга келган ва қатнашган», дейишдан нарига ўтмади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси хулосасида эса ушбу ўқувчи аттестати қонуний эканлиги, Шаҳризод Маҳматқулов 11-Б синф журналидан қайд қилинганлиги, унинг дарсга мунтазам қатнашмагани хусусида эса масъулларнинг билдиришномаси йўқлиги ёзилади.

Турган гапки, бошқарманинг ушбу жавоби ўқитувчиларнинг ҳафсаласини пир қилди.

Мактаб ўқитувчиси Дилшода Тоғаеванинг айтишича, директор Лобар Раҳимова ўқитувчиларга рағбат пули ёзиб, маълум бир миқдорини ўзига олади.

— Менга 700 минг сўм рағбат ёзиб, 200 минг сўмини ўзи олиб қўйди, — дейди Дилшода Тоғаева. — Бермагунимча, қайта-қайта сўрайвериб, ҳоли-жонимга қўймади. Ахийри бердим.

Дилшода Тоғаеванинг гапини эшитган директор буни рад этди. Қолган ўқитувчилар эса «Дарё» мухбирининг «Сиз билан ҳам шундай ҳолат кузатилганми?» дея берган саволига сукут сақлашди.

37-мактаб ўқитувчиларининг норозилигига сабаб бўлган воқеалардан яна бири ҳудуддаги коллеждан бўшаган бинода ташкил этилган 91-мактабга ушбу мактаб ўқувчиларининг жалб этилиши ҳамда Лобар Раҳимованинг ўғли директор этиб тайинланиши бўлди.

— Халқ таълими бўлимидагилар «91-мактабни ихтисослаштирилган мактаб қиламиз», дейишганди, — дейди Лобар Раҳимова. — Ўқитувчиларимиз агар ушбу мактаб ихтисослаштирилган бўлса, ҳамма ўқувчи ёппасига шу ерга ўтиб кетишидан қўрқмоқда. Қолаверса, ихтисослаштирилган мактаб очилгач, мурожаатчи Насимжон Баратовнинг шахсий ўқув маркази ҳам қадрини йўқотиши мумкин. Улар шундан чўчимоқда.

Туман халқ таълими бўлими масъули Анвар Умаровнинг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам 91-мактаб ихтисослаштирилган мактаб бўлиши мумкин. Шундай режалаштирилган. Аммо мактаб катта йўл устида жойлашгани сабаб ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетиши бироз хавфли.

— Шунинг учун ҳам туман ҳокими ҳудудни бориб кўриб, йўл қилиб беришини айтганди, — дейди Анвар Умаров. — Аммо ҳали йўл қилинмади.

Математика фани ўқитувчиси Мавжуда Раҳимжонованинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, мактабдаги адолатсизликлардан ҳафсаласи пир бўлган ўқитувчилар Президент порталига мурожаат қилишгач, туман халқ таълими бўлим масъуллари Авлоқул Авлоев ҳамда Анвар Умаров мактабга келиб, уларни мурожаатларини рад этувчи тушунтириш хати ёзишга мажбурлаган. Аммо ўқитувчилар ёзмаган.

Ҳақиқатни айтишга чоғланган кишини бўғиш, ҳудудда бўлаётган ноҳақликлардан раҳбарларни огоҳлантиришга уринишларни йўққа чиқариш бугунги кунда самара бермаслигини айрим раҳбарлар ё тушунмаяпти, ё тушунишни истамаяпти. Ёки айнан шу каби мурожаатларга шунчаки жавоб бериш услуби қўлланмоқда.

«Дарё» мақолада тилга олинган ҳолатлар бўйича масъуллардан изоҳ кутиб қолади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!