Қашқадарёдаги руҳий асаб касалликлар шифохонасида бемор аёвсиз калтакланди

Қашқадарёдаги руҳий асаб касалликлар шифохонасида бемор аёвсиз калтакланди

«Дарё» таҳририятига келиб тушган мурожаатларнинг бирида Қашқадарё вилоятидаги руҳий асаб касалликлар шифохонасида бемор аёвсиз калтаклангани хабар қилинади. Мурожаатчи Истат Эрназарова 1982 йилда туғилган қизи Моҳичеҳра Турсунқуловани жорий йил 20 июнь куни шифохонага олиб келганини, 22 июнь куни эса қизининг қўли, оёғи ва танасини кўкарган ҳолда кўрганини ёзади.

Воқеа тафсилотларини ўрганган «Дарё» мухбирининг ёзишича, 2-гуруҳ ногирони Моҳичеҳра Турсунқулова 21 июнь куни тонгги 3–4 ларда шифохонадаги 2 нафар бемор томонидан калтакланган.

Бу ҳақда шифохона бош шифокори Абдужаббор Кенжаев шундай дейди: «21 июнь куни тонг азон соат 3–4 ларда беморлар ўша кунги ҳамшира Дилором Ражабова, санитаркалар Кайибхон Велиханов, Дилором Ҳотамова, Шаҳноза Жўраевалар назоратида шифохона ҳожатхонасига олиб борилганда, янги келган бемор Моҳичеҳра Турсунқулова Наргиза ва Мавжуда исмли беморлар томонидан калтакланган. Шовқин-сурон бўлганини сезган ходимлар беморларни бориб ажратган. Аммо улар ажратгунга қадар Моҳичеҳра Турсунқулова росаям калтакланган. Оқибатда беморнинг қўли, танаси ва оёқларида қорайиш ҳосил бўлган».

Бош шифокорнинг қўшимча қилишича, ушбу ҳолатдан хабар топилгач, воқеа содир бўлган куни навбатчиликда бўлган ҳамшира Дилором Ражабова, санитаркалар Кайибхон Велиханов, Дилором Ҳотамова, Шаҳноза Жўраеваларга интизомий жазо чораси, ҳайфсан берилган.

— Беморларнинг ўзаро тортишуви, уруши тез-тез бўлиб туради, — дейди шифохона бош шифокори. – Боиси, беморларда касаллик хуруж қилган пайти, дори таъсири сусайганда тажовузкор бўлиб қолади. Аммо шунга қарамасдан эътиборни сусайтирмаслигимиз керак. 21 июнь куни эътиборсизлик қилган ходимларимиз шунинг учун ҳам жазоланди.

Бемор Моҳичеҳра Турсунқуловани 20 июнь куни қабул қилиб олган шифокор Жўра Қуллиеванинг маълумот беришича, бемор дастлаб олиб келинганда қўли, танаси ва оёқларида бу каби қорайишлар бўлмаган. Аммо беморда тажовузкорлик кучли бўлган. Ҳатто уни тинчлантириш учун шифокор ва 2 нафар ҳамширанинг ҳам кучи етмаган. Тинчлантириш учун томирдан қилиниши лозим бўлган укол беморга кучи етмагач, орқа томондан қилинган.

— Ҳақиқатдан ҳам қизимда тажовузкорлик кучли эди, — дейди Истат Эрназарова. – Боиси, касаллиги хуруж қилганди. Уйда ҳам набираларимга ташланиб қолмасин деб, молхонага қамаб қўйгандим.

Истат Эрназарованинг таъкидлашича, қизини 20 июнь куни эрталаб Косон туман тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, назоратдан ўтказган. Ҳамда вилоят руҳий асаб касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб боришларини сўраган. Бироқ анча сарсон бўлган. Ва тез ёрдам машинаси ҳайдовчисига 50 минг сўм пул бериб, қизини вилоят асаб руҳий касалликлар шифохонасига олиб борган.

— 20 июнь куни Косон «балница»сида анча сарсон бўлдим, — дейди Истат Эрназарова. – Кимга учрашсам, унга боринг, бунга боринг дея роса сарсон қилишди.

Бош шифокор Абдужаббор Кенжаевнинг қўшимча қилишича, 21 июнь куни бемор Моҳичеҳра Турсунқулова калтаклангач, 22 июнь куни воқеадан хабар топган онаси Истат Эрназаровага қизини суд экспертизага олиб бориш ва ким урганлигини аниқлаштириш таклифи берилган. Аммо Истат Эрназарова буни рад этган.

Мурожаатчи Истат Эрназарова бу вазиятни изоҳлар экан, ҳақиқатдан ҳам дастлаб суд экспертизадан воз кечганини, барчасига кўз юмганини тан олиб, турмуш ўртоғининг қаршилигига кўра, яна мурожаат қилаётганини билдирди.

Бу ҳолатга жавобан шифохона бош шифокори Истат Эрназаровага ҳалиям кеч эмаслигини, агар хоҳласа ҳолат бўйича суд экспертиза қилишга ҳаққи борлигини тушунтирди. Бироқ бу таклифга ҳам Истат Эрназарова сукут сақлаб жавоб берди.

Мурожаатчи Истат Эрназарованинг таъкидлашича, қизи Моҳичеҳра Турсунқулова илгари ҳам вилоят руҳий асаб касалликлар шифохонасида даволаниб келган. Қизи беморлар томонидан олдин ҳам калтакланган. Мурожаатчининг наздида шифохонада назорат етарли даражада эмас.

Аниқланишича, шифохонада айни кунда 200 нафар бемор даволанади. Шифохонадаги 95 нафар аёл беморни 4 нафар ходим назорат қилади.

Мурожаатчи «Дарё» мухбири билан суҳбати давомида бемор қизи Моҳичеҳра Турсунқуловадан ташқари 1985 йилда туғилган яна бир қизи ақлан заиф эканлигини айтиб, даволатишга қийналаётганини билдирди. Бунга жавобан эса шифохона раҳбарияти яна бир бемор қизини ҳам даволашга тайёр эканлигини билдириб, олиб келишини сўради. Истат Эрназарова эса бу таклифини ўйлаб кўришини билдирди.

Ўйлаймизки, юқорида тилга олинган ҳолатлар мутасаддилар эътиборидан четда қолмайди. Биз эса ҳар доимгидек вазиятни кузатишда давом этамиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!