Қашқадарёда туғруққа тайёрлаш бўлимида ерга ётқизилган беморлар бўйича расмий изоҳ берилди

Қашқадарёда туғруққа тайёрлаш бўлимида ерга ётқизилган беморлар бўйича расмий изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқ ларда Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси туғруққа тайёрлаш бўлимидаги шароитлар талабга жавоб бермаслиги, жой етишмаслиги сабабли беморлар ерга ётқизилганлиги қайд этилган видео мурожаат тарқалди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

Таъкидланишича, туғруққа тайёрлаш бўлими 20 ўринли бўлиб, ҳозирги вақтда Чироқчи ва Кўкдала туманлари аҳолисига хизмат қилади. Шифохона биноси 2014 йилда капитал реконструкция қилинган. Охирги маротаба 2019 йилда ҳомийлар маблағи орқали жорий таъмирланган.

Видеомурожаатда акс этган ерда ётган одамлар беморлардан хабар олишга келган яқинлари эканлиги, улар тиббиёт ходимлари рухсатисиз хонада ётиб қолганлиги аниқланган. Қайд этилишича, айни пайтда мазкур бўлимда 16 нафар бемор ётиб даволанмоқда, 4 та бўш ўрин мавжуд.

Мурожаатда келтирилган овқатланиш, кийиниш, муолажа ва бошқа хоналардаги жиҳозлар, эшик ва ромлар билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган.

Бўлимда мавжуд 20 ўрин учун етарли миқдорда янги тўшак, ёстиқ, кўрпа ва чойшаблар мавжуд. Белгиланган санитария меъёрларига кўра муолажа хонасида бемор ётқизилмайди ҳамда тўшак тўшалмайди.

Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғруқхона бўлимида охирги 10 кун ичида қўшни Кўкдала туманидан келган 137 нафар бемор ётиб, даволанган. Шу сабабли туғруқхонага қўшимча 20 ўринга мўлжалланган кроватлар ва юмшоқ жиҳозлар берилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!