Қашқадарёда қабрни таҳқирлашга уринган аёлга қўл кўтарган шахсларга жазо тайинланди

Қашқадарёда қабрни таҳқирлашга уринган аёлга қўл кўтарган шахсларга жазо тайинланди

Ижтимоий тармоқларда қабрни таҳқирлашда айбланиб, калтакланаётган аёл тасвирланган видео тарқалди. Қашқадарё ИИБ мазкур ҳолатга ойдинлик киритиб, воқеа 2019 йил 1 сентябрь куни Китоб тумани «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Қабри Охун» қабристонида юз берганини ёзди.

Мазкур воқеа юзасидан суриштирув олиб борган «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг хабар беришича, аёлни калтаклаганлар — Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновнинг ҳар бирига 7 февраль, жума куни, Китоб тумани Маъмурий суди томонидан энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шаҳрисабзлик аёл томонидан қабри очилган марҳум Турсун Аҳмедов яқинларининг «Дарё» мухбирига маълумот беришича, марҳумнинг қабри 2019 йил 1 сентябрь куни иккинчи маротаба очилган.

— Отамнинг қабри 2019 йил 21 июль куни ҳам очилган эди, — дейди Умид Аҳмедов. — 22 июль куни менга қўшнимиз телефон қилиб, «отангнинг қабри очиқ ётибди», деди. Барча ишимни ташлаб қабристонга бордим. Борсам, ҳақиқатан ҳам қабр кавланган ва марҳум отамнинг жасади кўриниб турибди. Устига кесак тушиб ётган экан. Тезда қабрни ёпдик. Вақтида улгурган эканмиз, қабр очиқ ҳолда анча пайт қолиб кетганда итлар мурдани судраб олиб кетарди.

Умид Аҳмедовнинг айтишича, мазкур воқеадан сўнг аҳоли орасида ҳар хил гап-сўз тарқалган. Кимдир «марҳумнинг катта қарзи бўлган, шунинг учун қабрини очиб кетишган» деса, яна кимдир «марҳум тириклигида кимларгадир ёмонлик қилган бўлса керак» деган миш-миш тарқалган.

Ўша воқеадан кейин бош кўтариб юролмай қолдим, қаерга борсам «нега отангнинг қабри очилган экан?», деб сўровчилар кўпайди, — дейди Умид Аҳмедов. — Шу каби саволлардан безганимдан тўй-томошага ҳам қўшилолмай қолдим. Қабрни очган одам ким? Нега отамнинг қабрини очган деган саволларга жавоб тополмасдим.

Умид Аҳмедовнинг маълумот беришича, қабр биринчи маротаба очилгандан сўнг, у 2-3 кун қабристонда қўриқчилик ҳам қилган. Ким очганини топишга уринган. Аммо натижа бўлмаган.

— 2019 йил 1 сентябрь куни қўшнимиз менга қўнғироқ қилиб, «отангнинг қабрини очишга уринган одамни топдик, тез етиб кел деди», — дейди Умид Аҳмедов. — Ўша пайтдаги ҳолатимни тасаввур қилолмайсиз. Жаҳлим чиққанди. Ўша ҳолатда қабристонга етиб бордим ва қабрни очган аёлга қўл кўтардим. Ўзимни бошқаролмадим. Бу аёл ортида ким бор экан деган хаёл ўтди. Мурдани олиб кетмоқчи бўлишганми, деб ўйладим.

Айтилишича, марҳум Турсун Аҳмедов 2019 йил 7 май куни 75 ёшида вафот этган.

— Тоғам вафот этганидан сўнг 25 ёшли жияним ҳам оламдан ўтди. Унинг қабрини ҳам очмоқчи бўлишганми деган хаёл ўтди, — дейди марҳумнинг қариндоши Муҳтарама Қурбонова. — Шунинг учун ҳам жаҳлим чиқди. Ва ўша аёлни урдим.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, қабрни очишга уринган аёл уни ушлаб олишгач, қочишга уринган.

— Қочмоқчи бўлиб, уни ушлаб турган онамга қўл кўтарди. Шу сабаб ҳам мен унинг қўлини ушлаб, орқага қайирдим, — дейди Амрулло Қурбонов. — Мен ҳам ҳолатдан шокка тушгандим.

— Шу ёшга кириб бундай воқеани биринчи маротаба эшитиб турибман, бизнинг маҳаллада бу ҳолат биринчи маротаба кузатиляпти, — дейди «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини котиби Нажмиддин Лутфуллаев. — Ўзимиз ҳам ҳайронмиз. Ўша аёл билан гаплашишга уриндим. Аммо руҳий ҳолати ёмон экан. Саволларга ҳам телба-тескари жавоб беради.

Маълум бўлишича, марҳумнинг қабрини иккинчи маротаба очишга уринган шаҳрисабзлик Ш.У. хатти-ҳаракатини руҳий ҳолатининг ёмонлиги билан изоҳлаган.

— Навбатчилик қисмига хабар берилгач, мен воқеа жойига этиб бордим, — дейди маҳалла профилактика инспектори Умид Шоимов. — Аёл биз боргунга қадар калтакланган. Аёлнинг калтаклангани ҳақида яқинда хабар топдим.

Китоб тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ойбек Нарзуллаевнинг «Дарё» мухбирига маълумот беришича, қабрни очишга уринган Ш.У.нинг ёнидан қабр очиш учун мўлжалланган тешача ва қора товуқ чиққан.

— Фуқаро аҳоли томонидан ушланган пайт унинг ёнидан қабрни очиш учун мўлжалланган тешача ҳамда қора товуқ чиққан, — дейди туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ойбек Нарзуллаев. — Ш.У.дан хатти-ҳаракатининг сабабини сўраганимизда руҳий ҳолати ёмонлигини, қабрни очиб қора товуқни шу қабрга кўмишга уринганини айтди.

Ойбек Нарзуллаевнинг таъкидлашича, интернет сайтларида аёлнинг маййитларнинг тилла тишини суғуриб олишга урингани ҳақидаги гап асоссиз.

— Аёл маййитларнинг тилла тишини суғуриб олишга уринган дейишяпти, бу бўлмаган гап, — дейди Ойбек Нарзуллаев. — Маййитнинг тишини суғиришга уринган шахс қабрни кундузи очмайди. Қолаверса, марҳум унга нотаниш бўлган.

Марҳум яқинларининг қўшимча қилишича, марҳумнинг тилла тиши бўлмаган.

Қашқадарё ИИБ баёнотида таъкидланишича, қабрни очишга уринган фуқаронинг ушбу хатти-ҳаракатига жавобан дастлаб Китоб тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш) билан иш очилган. Аммо, кам аҳамиятли эканлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

— Калтакланган аёл ИИБга ҳеч қандай шикоят қилмаганди. Аммо жорий йил 4 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан маълум бўлишича, унга тан жароҳати етказилган, — дейди Ойбек Нарзуллаев. — Шу сабаб ҳам 2020 йил 4 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди. Аёлни калтаклаганлар — Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 52-моддаси 2-қисми (Енгил тан жароҳати этказиш) билан иш очилиб, кўриб чиқиш учун Китоб тумани Маъмурий судига юборилди. Суд Умид Аҳмедов, Муҳтарама Қурбонова, Амрулло Қурбоновнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Китоб тумани ИИБнинг қўшимча қилишича, шаҳрисабзлик Ш.У. яшовчи «Сарой» маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ҳам Ш.У.нинг руҳиятида ўзгариш борлигини, сўнгги пайтларда ҳар хил гап айтадиган бўлиб қолганини таъкидлаган. Шу боис ҳам 2019 йил 2 сентябрь куни у  Қарши шаҳридаги асаб-руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган ва маълум муддат даволаниб чиққан. Шу боисдан ҳам «Дарё» мухбири Ш.У. билан суҳбатлаша олмади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!