Қашқадарёда кучли сел Жигули ва Labo машиналарини оқизиб кетди

Қашқадарёда кучли сел Жигули ва Labo машиналарини оқизиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод тумани Тоғайтемир маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи сойда кучли сел келиб иккита машинани оқизиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати юқоридаги ҳолатлар бўйича маълумот берди.

Унда маълум қилинишича, 2022 йил 5 май куни соат 16:00 лар атрофида Деҳқонобод тумани Тоғайтемир маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи сойда кучли сел келиши кузатилган. Аммо ушбу селда машиналар оққани тўғрисида туман ФВБ туман қутқарув бўлимига хабар келиб тушмаган.

Соҳа вакиллари томонидан воқеа жойи ўрганилганда Деҳқонобод тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган фуқаро А.Ў.га тегишли давлат рақами 70 Л 941 ОА бўлган ВАЗ 2106 Жигули машинасини сел оқизиб кетгани маълум бўлган.

Қашқадарёда кучли сел Жигули ва Labo машиналарини оқизиб кетди

Фото: Қашқадарё вилояти ФВБ

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида бутунлай яроқсиз ҳолга келган Жигулини маҳаллий аҳоли ёрдами билан селдан чиқариб олинган. Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва аҳоли хонадонларига зарар етмаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Тоғайтемир маҳалласи бўйлаб оққан селда Labo машинаси ва унинг ҳайдовчиси оқиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабарда айтилишича, бу бўйича ҳам туман ва вилоят ФВБга хабар келиб тушмаган.

Ҳодиса юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва унинг натижалари ҳақида хабар берилиши маълум қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!