Қашқадарёда фуқаро ун нархи ошгани ҳақидаги ноаниқ хабар билан вилоят ҳокимини чалғитишга уринди

Қашқадарёда фуқаро ун нархи ошгани ҳақидаги ноаниқ хабар билан вилоят ҳокимини чалғитишга уринди

Қашқадарёда 19 ёшли фуқаро вилоят ҳокимини чалғитишга уринган. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган Нишон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаровнинг айтишича, фуқаро туманда ун нархи 240-250 минг сўмга ошгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган.

Маълум қилинишича, Нишон тумани «Юксалиш» маҳалласида яшовчи У.У. вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг фуқаролар мурожаати учун ташкил этилган Telegram манзилига хабар қолдириб, Нишон туманидаги савдо дўконларида ун нархи 240-250 минг сўмга чиққани, бир қоп ун учун одамлар навбат талашиб, тўполон бўлаётганини ёзиб қолдирган.

Вилоят ҳокими топшириғига кўра, вазият ўрганилганда мурожаатчи айтган манзилда Тошкентда ишлаб чиқарилган бир қоп ун 148 минг сўм, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ун эса 178 сўмдан сотилаётгани маълум бўлган.

У.У. билан суҳбат чоғида у қариндоши савдо дўконида ун 250 минг сўмдан сотилаётганини, одамлар ун учун уришиб-талашаётганини Telegram’га ёзишини сўраганини билдирган.

Туман ҳокимлиги, ИИБ ходимлари У.У.га жамоатчилик ўртасида асоссиз ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтиргач, фуқаро бунинг ҳуқуқий оқибатларини тушунмаганини, ишидан пушаймонлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!