Қашқадарёда биринчи халқаро анор фестивали ўтказилади

Қашқадарёда биринчи халқаро анор фестивали ўтказилади

25 сентябрь – 1 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Варганза қишлоғида биринчи халқаро анор фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов маълум қилмоқда.

Мазкур фестивалга 15 та хорижий мамлакатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда.

— Халқаро анор фестивалида аукцион савдо ташкил этишни мақсад қилганмиз. Варганза қишлоғидаги анор дарахтларидан энг катта анорни танлаб олиб, уни аукционда сотмоқчимиз. Аукцион савдода Варганза қишлоғида тадбиркорлардан ташқари хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Энг қизиғи, аукционда сотилган анор пули фестиваль сўнгида ушбу қишлоқда дунёга келган биринчи чақалоққа берилади. Ва ҳар йили ушбу анъанани давом эттиришни мўлжал қилганмиз, — дейди Отабек Олимжонов.

Айтишларича, ушбу қишлоқнинг ўзида анор экспорти билан шуғулланувчи 30 нафар тадбиркор фаолият юритаркан.

Маълум қилишларича, 2018 йил фақатгина Варганза қишлоғининг ўзидан хорижга 2000 тонна анор экспорт қилинган. Варганза анорларининг асосий харидорлари Россия ва Жанубий Корея ҳисобланади. Хорижга сотилган анорларнинг килосига 2 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

— Насиб этса 2019 йил хорижга қишлоғимизнинг ўзидан 5000 тонна анор экспорт қилишни мақсад қилганмиз. Яна бир қувонарли ҳолат эса эорий йилги харидорларимиз ичида Япония давлати ҳам борлиги,— дейди Варганза маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Мирзаев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!