Қашқадарёда беморлар учун иссиқ овқатлар тайёрланадиган ошхона ачинарли ҳолатда эканлиги маълум бўлди

Қашқадарёда беморлар учун иссиқ овқатлар тайёрланадиган ошхона ачинарли ҳолатда эканлиги маълум бўлди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Мана шундай ўрганишлар Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасида ҳам олиб борилди.

Ўрганишлар жараёнида, тиббиёт бирлашмасининг беморлар учун иссиқ овқатлар тайёрланадиган ошхонасидаги ачинарли ҳолатлар эътиборимизни тортди. Ошхонада амалдаги санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган шароитларда овқат тайёрланмоқда. Жумладан, шифохонада даволанаётган беморлар сонидан келиб чиқиб таомнома тасдиқланмаган, ошхона хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Ошпазларнинг амалдаги овқат тайёрлаш қоидаларига амал қилиши ва махсус кийим-бош билан таъминланганлиги, қолаверса тайёрланган овқатнинг сифати хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Беморларга овқат тайёрлаш мақсадида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари очиқ ҳолда санитария талабларига зид тарзда сақланмоқда. Касаллик организмни кучсизлантиради. Бемор куч-қувват тўплаш ва тезроқ даво топиши учун уни махсус парвариш қилиш лозим. Беморни парваришлаш одатда даволашнинг энг муҳим қисмидир. Беморга дорилар ҳамиша ҳам зарур бўлавермайди. Лекин яхши парвариш ва фойдали озуқа доим муҳимдир. Ушбу касалхонага тушиб, тиббий хизматларидан фойдаланган  беморнинг аҳволи эса оғирлашса оғирлашадики, аммо ҳеч қачон яхшиланмаслиги аниқ. Ошхонадаги ачинарли ҳолатлар юзасидан Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Шаймановдан изоҳ сўралганда, шифохонада даволанаётган беморларга зарурий тайёр овқат етказиб бериш бўйича аутсортинг хизмати йўлга қўйилганлиги, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тумандаги «Карнайтепа» ишлаб чиқариш ва савдо фирмаси овқат тайёрлаш  хизматини кўрсатиб келганлиги, 2021 йилнинг 21 январидан «Элегант МБ» МЧЖ аутсортинг хизматини кўрсатиш бўйича танлов ғолиби деб топилганлиги, бироқ тиббиёт бирлашмаси томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан «Карнайтепа» ишлаб чиқариш ва савдо фирмаси раҳбари О.Маҳмараимов томонидан ошхона танлов шартлари асосида топширилмасдан, ўзбошимчалик билан беморларга овқат тайёрлаш давом эттирилиб келинаётганлиги маълум қилинди.

Хўш, савол туғилади.  Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсортинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 16-сон қарори бирдан-бир мақсад, яъни беморларнинг сифатли овқатланишини ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.Шундай экан буни Чироқчида амалга оширишга нима тўсиқ бўлмоқда? Тегишли мутасаддилардан ушбу саволга жавобини кутиб қоламиз.

НОРҚИЗИЛ БОТИРОВ,
Чироқчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!