Қашқадарёда 2019 йилги пахта теримида энг кўп мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани маълум қилинди

Қашқадарёда 2019 йилги пахта теримида энг кўп мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани маълум қилинди

2020 йил 5 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган пахта мавсумига тайёргарликка бағишланган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов пахта терими бўйича энг кўп Қашқадарё вилоятида мажбурий меҳнатга йўл қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда Дарё ёзмоқда.

Хусусан, республика бўйича Қашқадарёда – 21 фоиз, Жиззахда – 20 фоиз ва Тошкент вилоятида 18 фоиз мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган. Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ турли ташкилот ходимлари ва 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг пахта теримига жалб қилингани маълум бўлди.

«2020 йил пахта терими мавсумида ҳам шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун Давлат меҳнат инспекциясидан 600 нафар ходим ажратилди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда @mehnathuquqbot ва @terimuzbot Telegram каналлари ва 1092 қисқа рақамли Call-марказ фаоллаштирилган. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати кузатилганда фуқаролар юқоридаги рақамлар орқали исм-шарифини кўрсатмасдан фақат телефон рақамини киритиб, манзили ва воқеа ҳолатини акс эттирган ҳолда мурожаат йўллаши мумкин. Шундан сўнг келиб тушган мурожаат тегишли тартибда ўрганилади ва ҳуқуқбузарлик аниқланса, мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсга нисбатан тегишли тарзда чора кўрилади», — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов.

Маълумот ўрнида, мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача ёки жиноий жавобгарликка тортиш жазо чораси қўлланилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!