Қашқадарё вилоятининг янги бош солиқчиси тайинланди. Собиқ бошлиқ май ойида қўлга олинган

Қашқадарё вилоятининг янги бош солиқчиси тайинланди. Собиқ бошлиқ май ойида қўлга олинган

Қудратали Йигиталиевич Маматисаев Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими «Kun.uz»га маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга йўналтирилган амалий чора-тадбирлар барча йўналишларда фаоллик билан давом этирилмоқда. Хусусан, ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири – тизимни салоҳиятли кадрлар билан мустаҳкамлаш бўлиб, бу йўлда қўмитанинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлик лавозимларига соҳанинг етук ва малакали мутахассислари тайинланмоқда», дейилади Давлат солиқ қўмитаси хабарида.

Қудратали Маматисаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1995 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган.

Солиқ тизимидаги фаолиятини 1995 йилда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясида солиқ инспектори лавозимидан бошлаб, 1997 йилгача у ушбу инспекцияда турли лавозимларда ишлаган. 1997-2009 йиллар давомида Давлат солиқ қўмитасида масъул лавозимларда фаолиятини давом эттирган. 2009-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида фаолият юритган. 2014-2016 йилларда Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 2016-2018 йиллар мобайнида Давлат солиқ қўмитасида бошқарма бошлиғи лавозимида меҳнат қилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 январь куни Қашқадарё вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувидан кейин Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Собир Раҳмонқулов ўз вазифасидан озод этилган, унинг ўрнига Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Абдусалом Йўлдошев янги раҳбар этиб тайинланганди.

Шу йилнинг майида Абдусалом Йўлдошев Фарғона водийсида қўлга олиниб, Тошкентга келтирилгани ҳақида маълум бўлди.

У айнан қайси жиноий иш доирасида қўлга олингани ҳозиргача маълум эмас.

Абдусалом Йўлдошев ўз меҳнат фаолиятининг турли йилларида Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 2012 йилнинг февралидан Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Йўлдошев қўлга олинганидан бир кун ўтиб, 29 май куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Давлат солиқ қўмитаси собиқ раҳбари, 11 май куни лавозимидан озод қилинган Ботир Парпиев ва у етакчилик қилган тизимдаги аҳвол ҳақида гапирган эди.

 

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!