Қашқадарё ҳокими ўринбосари: «Икки қиз йиғлаётган экан, сабабини сўрасам биз олиб берган ҳот-догни фақат турк сериалларида кўрганини, умрида емаганини айтди»

Қашқадарё ҳокими ўринбосари: «Икки қиз йиғлаётган экан, сабабини сўрасам биз олиб берган ҳот-догни фақат турк сериалларида кўрганини, умрида емаганини айтди»

Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев ҳудудда ўтказилган Ёшлар фестивалининг аҳамияти ҳақида гапириб, вилоятда умрида Қарши шаҳрига келмаган ва тез тайёр бўладиган таомларни емаган ёшлар борлигини айтди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Шоҳжаҳон Омонов иштирокидаги матбуот анжуманида иштирок этиб, журналист ва блогерлар саволларига жавоб берган.

Ҳоким ўринбосари вилоятда 2020 йил 25—26 декабрь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали аҳамияти ҳақида гапириб, Муборак, Миришкор, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларидан келган ёшлар орасида ўсмирлик ёшига киргунга қадар вилоят маркази Қарши шаҳрига бирор марта ҳам келмаган, умрида тез тайёр бўлувчи таом — ҳот-догни еб кўрмаган ёшлар борлигини айтди.

«Биз ёшларни энг чекка туманлардан олиб келдик ва Қарши шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлаштирдик. Деҳқонобод, Муборак, Миришкор ва Шаҳрисабздан келган ёшлар орасида ҳали Қарши шаҳрини умуман кўрмаган, меҳмонхона хизматини билмайдиган ёшлар ҳам бор экан. Фестивалда ёшларни ноодатий таом билан меҳмон қилишни мақсад қилдик ва уларни ош бермай, тезпишар ҳот-дог ва кола билан меҳмон қилдик. Маданият саройида кинога кираётган пайтимда икки нафар қиз кўзида ёш билан турган экан. Нимага йиғлаётганини деб сўраганимда, «Мен мана шу овқатни еб хурсанд бўлдим, бу овқатни умримда биринчи маротаба кўряпман, фақат турк сериалларида ейилганини кўргандим. Мен жудаям хурсандман. Ҳаётимда жуда катта ўзгариш бўлди, ҳали шаҳарга келганим ҳам йўқ эди деди», — дейди Рустам Йўлдошев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Отабек Артиқов мазкур фестиваль харажатлари қанчалиги билан қизиқиб, ёшлар тушлик қилган ошхона харажатлари кеч тўланганини айтгани ҳақида хабар қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!