Қаршида мактаб ўқувчисининг нега ўзини осгани айтилди

Қаршида мактаб ўқувчисининг нега ўзини осгани айтилди

Қашқадарё вилояти Қарши туманининг Дўстлик маҳалласида яшаган, 63-мактабнинг 8-синф ўқувчиси бўлган Мирафзал Абдурашидов 2 ноябрь куни уйининг айвонига ўзини осгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалган эди. Turon24 воқеа тафсилотларини ўрганди.

“2 ноябрь куни эрталаб дарсга келдим, – дейди ўзини 8-синфнинг собиқ раҳбари сифатида таништирган Зилола Аҳмедова. – Келибоқ йўқлама қилдим. Мирафзал Абдурашидов дарсда йўқлигини билганимдан сўнг онасига қўнғироқ қилдим. Онаси эрталаб соат 7 да уйдан чиқиб кетгани, дарсга кетган бўлиши кераклигини айтди. Бироздан кейин эса онасининг ўзи менга қўнғироқ қилиб, “Турмуш ўртоғим билан гаплашдим. Ўғлимнинг ошқозони оғриётган экан. Шунинг учун дори ичириб, ётқизиб қўйган экан” деб айтди”.

Собиқ синф раҳбарининг билдиришича, Мирафзал 1 ноябрь куни 4 соат дарсда ўтириб, кейин уйга кетиш учун рухсат сўраган.

“Жисмоний тарбия дарсида қатнашолмаслигини, соғлиғи тўғри келмаслигини айтди, – дея гапида давом этади Зилола Аҳмедова. – Ошқозонинг оғрияптими деб савол бердим. Чунки кўпинча ўқувчимнинг ошқозони безовта қиларди. “Йўқ, ошқозоним эмас, мана бу ерим оғрияпти” дея қорнини ушлаб кўрсатди. Уни охирги марта ўша куни кўргандим”.

Аниқланишича, 17 ўғил ва 5 қиз таҳсил олувчи мазкур синфда сентябрь ойи бошида ота-оналар йиғилиши ўтказилган.

“Йиғилишда Мирафзалнинг ота-онаси номидан бувиси қатнашганди, – дейди шу синфда қизи таҳсил олувчи Санобар Шойимова. – Синф раҳбари Зилола Аҳмедова ўқувчисининг дарсга кеч келиши хусусида айтса, бувиси ўқитувчидан бу ҳақда ота-онасига билдирмаслигини сўради. “Билиб қолишса, неварамни ота-онаси уради” деган эди бувиси”.

“Мирафзал жуда шўх бола эди, – дейди мактаб ошхонасида ишловчи ота-оналардан бири Шаҳноза Баратова. – Унда тушкунлик аломатини кўрмаганман. Аммо отасидан жуда қўрқарди. Шунинг учун ҳам кўпинча уйига бормай, момосиникида қоларди. Бир сафар моли ўлиб қолганида ота-онаси роса излаган. Ўшанда маккапоянинг ичига кириб яширинган, уни излашаётганларини билса-да, чиқмаган. Чунки отасидан қўрқарди. Бир куни телефон ўйнаб ўтирса, ўқитувчиси телефонини олиб қўйган. “Отамга айтиб берар экан, айтса отам мени ўлдиради” деб йиғлаб олдимга келганди ўша куни”.

“Ўлимидан хабар топгач, қизимни ёнимга чақириб сўрадим. Нима бўлганди, синфдошлар юзига туфлаганларинг ростми дея сўрадим, – дейди ўқувчилардан бирининг отаси Нуриддин Раҳимов. – Қизим юзига туфламадик, ҳеч ким уни камситгани йўқ деди. Қайта-қайта сўрайверганимдан кейин кўпинча отаси уришини, кўкарган жойларини синфдошларига кўрсатишини айтди. Қизимнинг айтишича, Мирафзал кўпинча уйидаги воқеалардан сиқилган”.

Биология фани ўқитувчиси Дилобар Бобожонованинг сўзларига кўра, у Мирафзал 5-6-синфда ўқиётганида шу синфга раҳбарлик қилган.

“Мирафзал жуда истеъдодли ўқувчи эди, – дейди Дилобар Бобожонова. – Математика фанига қизиқарди. Ўғлим билан бирга репетиторга ҳам бирга қатнаган. Аммо охирига етказмаган. Унинг характерида тушкунлик аломати сезилмаган. Жуда шўх бола эди. Ўқитувчига бирор марта гап қайтармаган, паст баҳо учун хафа бўлиб юрмаган. Лекин отаси ва момоси доим ўқитувчилардан нолиб келишган. Кўпинча мажлисларга момоси келгани учун Мирафзалнинг айбини айтсак, отасига айтманг, эшитса набирамни уради дерди бувиси. Момоси ҳар сафар унинг ёнини оларди. Кўп эркалатарди. Бувисининг айтишича, ўша воқеа бўлган куни ҳам тушгача бувисиникида бўлган. Кейин молга ем қайнатишим керак, бўлмаса отам мени ўлдиради дея уйига кетган. Отасидан жуда қўрқарди”.

“Жияним хонада синфдошлари билан бир-бирига қоғоз отиб ўйнаб ўтирган. Синфга ўқитувчи кириб қолгач, ҳамма айбни, тартиббузарликни жиянимнинг бўйнига қўйишган, – дейди Мирафзалнинг амакиси Хондамир Расулов. – Кейин синфдошлари жиянимнинг юзига туфлашган. Буни Мирафзалнинг укаси ҳам кўрган. Акам ўғли у ёқда турсин, ҳатто бизга ҳам қаттиқ гапирмасди, ўғлини кўп урармиш деган гаплар ёлғон ва бўҳтон”.

Мирафзалнинг отаси ҳам ўғли мактабда муттасил равишда камситилишига чидай олмай ўз жонига қасд қилганини тасдиқламоқда.

“Бундан бир ой аввал синфхонада мактаб директори ўринбосари бўлган пайтда синф раҳбари ўқувчиларга ўғлимнинг юзига тупуришни буюрган, – дейди отаси. – Ҳар куни муттасил камситилиши туфайли ўғлим мактабга боришни хоҳламай қўйганди”.

Фуқароларнинг мактаб эшигидан кириш-чиқишлари қайд этиб бориладиган мониторинг дафтарида Мирафзал Абдурашидовнинг отаси мудҳиш воқеа содир бўлишидан анча аввал, 13 октябрь куни мактабга келгани ёзиб қўйилган. Маълум бўлишича, ўша куни у директор ўринбосари Нуриддин Раҳмоновнинг қабулига жаҳл билан кириб борган. Қўшниларидан мактабда ўғлининг юзига туфлашиб, уни таҳқирлашгани ва бу ишларга директор ўринбосари бош бўлгани хусусида эшитганини айтиб ўдағайлаган.

Аммо 13 октябрь куни ўринбосар билан гаплашиб чиққач, Мирафзалнинг отаси директорга қўнғироқ қилиб узр сўраган. Англашилмовчилик бўлганини билдириб, уйига қайтган.

“Мирафзал жуда киришимли ва муомаласи яхши бола эди, – дейди мактаб директори Дилором Турсунова. – Биргина ўзининг синфдошлари эмас, бошқа синфдаги ўқувчилар билан ҳам дўст эди. Қандай жамоа орасида бўлмасин, барчага яхши кайфият улаша оларди”.

Директорнинг айтишича, Мирафзалнинг бувиси пенсиядаги педагог бўлгани учунми, доимо мактабдаги шароитдан шикоят қилиб келган. Ўқитувчилар хонаси йўқлигини ҳадеб такрорлайверган. Бувиси ўқитувчиларнинг дарс ўтишидан қониқмаган. Шу боис бир неча марта бошқа мактабга олиб кетмоқчи бўлган. Лекин ўқувчининг ўзи хоҳламагани учун олиб кетолмаган. Таълим муассасаси раҳбарининг таъкидлашича, буви ҳар сафар ўқитувчиларидан ҳам, директордан ҳам набирасининг айблари хусусида отасига айтмасликларини сўраб келган.

“Ҳўкизи ўлиб қолганини эшитиб, Мирафзалдан нима бўлганини сўрадим, – дейди Дилором Турсунова. – Мирафзал “Жонимга тегиб кетгани учун ҳўкизни ўзим дори бериб ўлдирдим. Кейин маккажўхорининг орасига кириб яшириниб олиб, қанча чақиришмасин, ҳа демадим” дея айтиб берган эди ўшанда”.

Ўқитувчилар Дилобар Бобожонова ҳамда Зилола Аҳмедоваларнинг айтишича, ушбу кўнгилсиз воқеа содир бўлгандан кейин, 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси соат 12 да мактаб ўқитувчилари ва раҳбариятини, маҳалла инспектори ва имомини, жами 12 кишини туман прокуратурасига чақиртиришган ва эрталаб соат 5 гача ушлаб туришган.

“Туман прокурори “Сен шу вазият учун муҳит яратиб бергансан” дея мени ҳақоратлади, – дейди ўқитувчи Зилола Аҳмедова. – Прокурор менга “Пул йиққансан. Тадбир қилиб, ўқувчиларга гўшт опкелинглар дегансан” дея айблади. Бунга асосингиз борми десам, “Тилинг бунча бурро экан, Америкаданмисан?” дея яна таҳқирлай кетди. Менга худди жиноятчи билан гаплашгандек ўдағайлаб, қўпол сўзлар ишлатиб муносабатда бўлди. Президентимиз биз ўқитувчиларнинг нуфузини кўтаришга ҳаракат қилаётган бир пайтда Қарши тумани прокурорининг бу муносабатига тушунолмадик”.

“Прокуратурада мендан 10 сентябрь куни ўқувчига нима учун паст баҳо қўйганимни сўрашганида асослаб бераётган эдим, туман прокурори мени ҳам “Америкаданмисан?!” дея ҳақорат қилди, – дейди Дилобар Бобожонова. – Туман прокурори мактаб директорини чақириб, ҳозироқ менга ҳайфсан бериши кераклигини, ойлигимдан 30 фоиз ушлаб қолиши лозимлигини айтди. Ваҳоланки, ўша пайт соат тонгги 4 эди. Ўқувчининг билими талабга жавоб бермагани учун паст баҳо қўйганим менинг айбимми?”.

Мирафзалнинг исми очиқланмаслигини сўраган қариндошларидан бирининг сўзларига кўра, Мирафзал олдин ҳам юриб кетаётган машинанинг тагига ўзини ташламоқчи бўлган. Бувисига доим “Мен ўлишим керак” деган гапни такрор-такрор айтиб юрган. Қариндошнинг билдиришича, синфдошлари ўқитувчисининг буйруғи билан Мирафзалнинг юзига ва оғзига туфлашгани рост”.

Исмини ошкор қилишни истамаган қўшнилардан бирининг айтишича, бола мунтазам равишда руҳий эзилган.

“Ўсмирлик пайтида бола доимий руҳий зўриқиш остида бўлса, ўз жонига қасд қилиши мумкин, – дейди қўшни. – Чунки бу ёшда инсон меҳрга, эътиборга муҳтож бўлади. Мирафзал ўзи жуда одобли бола эди. Ҳар сафар кўчадан ўтса, салом-алик қилиб ўтарди”.

Аниқланишича, 2 ноябрь куни кеч соат 5 ларда воқеа устига Мирафзалнинг онаси бориб қолган. Дарвоза ичкаридан қулфлангани сабабли онаси тезда ичкарига киролмаган. Роса чақирган. Телефон қилган. Чорасиз бўлгач, кичкина эшик устидан ошиб ҳовлига тушган.

Вилоят прокуратураси маълум қилишича, воқеа юзасидан Қарши туман прокуратураси 6 ноябрь куни Жиноят кодексининг “Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов олиб борилмоқда.

7 ноябрь куни марҳумнинг жасади тиббий экспертизадан ўтказилган. Аммо натижаси ҳали ошкор қилинмаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!