Қарши туманлараро ҳакамлик суди раиси 3 500 доллар пора билан қўлга олинди

Қарши туманлараро ҳакамлик суди раиси 3 500 доллар пора билан қўлга олинди

Қашқадарёда Қарши туманлараро ҳакамлик суди раиси Олим Қулмуродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Рустам Сайфиев хабар қилди.

Маълум бўлишича, қаршилик тадбикор “Тантана Ойбек сервис” МЧЖ раҳбари Муниса Толипова "Халқ банки" Қарши шаҳар филиалидан 500 миллион сўм кредит олган. Бу пулларга тадбиркор ўзининг тўйхонасининг иккинчи қаватида маиший хизмат кўрсатиш марказини ташкил этмоқчи бўлган. Шу мақсадда у керакли жиҳозларни олиш учун МЧЖга кредитга олган барча пулларни ўтказиб берган. Лекин МЧЖ айтган ваъдасида турмаган ва маҳсулотларни етказиб бермаган. Шундан сўнг Мунисанинг турмуш ўртоғи Шукур Суяров ушбу ҳолат юзасидан Қарши туманлараро ҳакамлик суди раиси Олим Қулмуродовга мурожаат қилган. Олим эса ишни уларнинг фойдасига ҳал қилиб бериш учун 5000 доллар талаб қилган. Шукур эса ўзаро "савдолашиб" Олимни 3500 долларга кўндирган. Ўз навбатида Олим 500 миллион сўмни 730 миллион сўм қилиб ундириб беришни ваъда қилган.

Шу тариқа О.Қулмуродов ваъда қилинган пулларни М.Толиповадан унинг тўйхонасида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланган.

Қарши шаҳар суди ҳукмига кўра О.Қулмуродов 1 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум бўлди ва 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эътиборли жиҳати, О.Қулмуродовга нисбатан илгари ҳам жиноят иши қўзғатилган, лекин у амнистия туфайли тугатилган бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!