Қарийб 26 кун тўхтовсиз учадиган дрон яратилди

Қарийб 26 кун тўхтовсиз учадиган дрон яратилди

Дунёга машҳур Airbus Defense компанияси томонидан яратилган Zephyr S учувчисиз учиш аппарати синов чоғида қўнишсиз парвоз қилиш бўйича янги рекорд ўрнатди. Компания маълумотига кўра, мазкур қурилма ҳавода тўхтовсиз қарийб 26 кун учиб юрган.

“Бу дунёдаги энг узоқ парвоздир, - дейилади хабарда. – Шу орқали ундаги тизим имкониятлари тасдиқланди, шунингдек, олдинга қўйилган муҳандислик вазифалари уддаланди”.

Қайд этилишича, синов Буюк Британиянинг қўллаб-қувватлаши билан олиб борилган. Сабаби айнан шу давлат юқоридаги аппаратни биринчи бўлиб ўз қуролли кучларига қабул қилмоқчи. Кейинги парвоз шу йил охирида Австралиянинг Виндхэм майдонида амалга оширилади.

Ўтган сафар бу борадаги энг юқори кўрсаткич ҳам айнан ушбу компания қурилмаси ёрдамида ўрнатилганди. Ўшанда рекорд 14 кунни ташкил этган.

Маълумот учун, қурилма корпусига қуёш батарейкаларидан қувват оладиган

моторлар ўрнатилган.

“У на самолётга ўхшайди, на сунъий йўлдошга. Унда ҳар иккаласининг ҳам ўзига хос жиҳатлари мужассам. Сунъий йўлдошнинг ишлаш давомийлиги ва учувчисиз учиш қурилмаси ихчамлиги”, - дея таъкидлайди компания вакиллари.

Мазкур аппаратдан ҳарбий разведкадан тортиб табиий ва техноген офатлар ҳудудларини, қолаверса, Ер атмосферасини кузатиш, йўлдош алоқаси йўқ минтақаларда уни таъминлаш мақсадларида фойдаланиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Zephyrнинг қанотлари қулочи 25 метр, оғирлиги бор-йўғи 75 кг.га тенг. Шунга қарамасдан у ўзига нисбатан беш баробар оғир юкни олиб юриш имконига эга. Парвозининг энг юқори баландлиги 21 минг метр. Ушбу аппарат савдосига масъул бўлган Найжел Чандлернинг айтишича, яқин келажакда унинг парвоз муддатини 100 кунга чиқариш режалаштирилган.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!