Қандай пойабзаллар саломатликка зиён етказмайди? (давоми)

Қандай пойабзаллар саломатликка зиён етказмайди?  (давоми)

Гўзаллик муҳимми ёки саломатлик? Аслида ҳар иккисининг ўрни ҳам, қадри ҳам бўлак. Бироқ жозиба, кўрк ва мода ортидан қувиб, соғликни қурбон қилиш — янглиш танлов.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов пойабзал танлашда эътибор қаратиш жоиз бўлган жиҳатлар ва бунинг саломатликка таъсири ҳақида сўзлаб берди.

— Баъзи ноқулай оёқ кийимлар қисқа вақтда ўз асоратларини кўрсатса, айримлари вақт ўтиши билан салбий аломатларини намоён қилади, — дейди мутахассис. — Шундай экан, пойабзал харид қилишда мулоҳазакорлик шарт.

Одатда, кундалик иш фаолияти учун пошнаси 2-4 сантиметр бўлган оёқ кийимлар тавсия этилади. Улар жуда тор ҳам, кенг ҳам бўлмаслиги шарт.

Баъзилар оёғини сиқиб турса-да, “вақт ўтгач кенгаяди”, деган фикрда тор пойабзалларни танлайди. Бу ҳам тўғри қарор эмас! Чунки оёқларнинг зарарланиши учун, юқорида айтганимиздек, қисқа вақт кифоя.

Ўз навбатида, оёқ ичида “ўйнаб қоладиган” кенг пойабзаллар ҳам зарарли. Улардан фойдаланиш бора-бора турли яллиғланишлар, мушакларнинг доимий зўриқишига сабаб бўлиши мумкин.

‼️Оёқ кийим тагликлари бирмунча юмшоқ ва эгилувчан бўлгани дуруст. Бу маҳсулот сифатли эканлигини ҳам англатади. Муҳими, оёқни толиқтирмайди ва зўриқтирмайди.

Таги юпқа пойабзал эса маълум вақт оралиғида текис юза, масалан, полда юриш учун мўлжалланган. Қолаверса, оёқ кийим ичида бармоқларни қимирлатиш учун бўш жой қолиши мақсадга мувофиқ.

Эрталаб — янги пойабзал сотиб олиш учун мақбул пайт эмас. Чунки кун давомида ҳаракатлангач, кечга бориб оёқлар бироз шишади. Натижада танланган туфли, ботинка, этик ёки кроссовка оёғингизни сиқиши мумкин.

Шунингдек, дўконда бир пой пойабзални кийиб, “лойиқ экан” деб хулоса қилишга шошилмаслик керак. Ҳар икки пойини кийгач, бироз юриб, ҳаракатланиб, сўнг харидни амалга оширган маъқул.

Лакланган, сунъий чармдан ишланган ва ҳаво ўтказмайдиган матолардан тикилган оёқ киймиларни иссиқ мавсумда кийиш тавсия этилмайди. Бу замбуруғли хасталиклар пайдо бўлишига олиб келади.

Қолаверса, кун давомида кўп пиёда юрувчилар қулай, спорт услубидаги пойабзалларни кийганлари фойдали.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!