Қалъани суйган дарё

Қалъани суйган дарё

Шаҳар қамал қилинганда ҳам улар енгилмаган, сабаби...

Оқдарё ва Қорадарё туташиб, Зарафшон қайта бошланадиган жойга яқин ҳудуд азалдан одамларни қизиқтириб келади. Негаки, Пахтачи туманига қарашли ўша маконда, ҳозирги Зиёвуддин қўрғонининг шимоли-шарқий томонида, Зарафшон дарёсининг шундоқ соҳилида Дабусия номи билан машҳур қадимий кент харобалари сақланиб қолган. Манбаларда келтирилишича, унинг ёши 2500 йилдан ошиқ экан. Усти қалин тупроқ билан қопланган тепаликда европалик ва япониялик қадимшунослар қазиш ишлари чоғида топган кўплаб ноёб буюмлар шаҳарнинг бир пайтлар ниҳоятда гуллаб-яшнагани, бу ерга кўплаб жаҳонгирларнинг қадами текканидан далолат беради. Уни яна Дабус қалъа деб ҳам аташади. Аслини олганда, Дабус сўзи арабча бўлиб, зўр, тўқмоқ, устун маъноларини англатади. Дабус қалъа «Мустаҳкам қалъа» деган маънони ҳам беради. Негаки, бу жой қадимий Бухоро ва Самарқанд ўртасидаги энг катта қўрғон-қалъа бўлган.

Бугун мазкур хароба тепаликда Абдуллахон II 1594 йилда қурдирган «Имом Баҳри ота» мақбараси ва унинг атрофидаги қабрлардан бўлак ҳеч нарса қолмаган. Қалъа атрофида қадимда улкан шаҳар бўлган. Бора-бора бу ер вайронага айланган, шаҳар тупроқ остида қолиб кетган. Айтганча, ХХ асрда Дабус қалъасидаги работ қарийб 70 гектарни, Шаҳристон эса, 22-23 гектарни ташкил этишининг ўзиёқ, бир вақтлар қалъа нечоғлик улкан бўлганидан далолат беради. Атрофи тик жарликлар, ўнгирлар билан ўралган. Бу шаҳар ҳимоясида қўл келган.

Қалъа шундоқ дарё яқинида жойлашган. Дарё суви қалъа тупроғини ювиб кетмаслигининг ўзига хос сабаби бор эмиш. Халқ ўртасида тарқалган ривоятларга қараганда, қалъа кўтармасида Ҳазрат Алининг муборак излари бор эмиш. Шу боисдан ҳам қалъанинг ёнгинасидан оқиб ўтувчи дарё унинг кўтармасига тик келиб урилиб, ўнг томонга бурилиб кетади. Неча асрдирки, бу бетўхтов такрорланади.

Яна бир муҳим гап. Қалъада қўшни мамлакатлар билан боғлаб турадиган махфий ерости йўллари ҳам мавжуд бўлган, дейишади. Негаки, шаҳар узоқ вақт қамал қилинганда ҳам зарур нарсаларга эҳтиёж сезмаган. Аслида ота-боболаримизнинг ақл-заковати туфайли арматура, цемент, мих ишлатмай бунёд этилган ерости йўллари пишиқ, қулай, тупроқни зичлаб қурилган. Дарҳақиқат, Зарафшон дарёсининг сўл соҳилида Буюк Ипак йўли бўйида қад ростлаган Дабус қалъаси ўтмишда ниҳоятда гавжум бекат шаҳар ҳисобланган. Бу ерда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик гуллаб-яшнаган. Қалъа ичимлик сувни Зарафшон дарёсидан олмаган. Аксинча, обиҳаёт шаҳарга Зирабулоқ тизма тоғлари бағридаги Доройитут булоқларидан ерости сопол қувурлари орқали келтирилган. Мазкур ерости сув иншоотлари доимо сир сақлаб келинган. Ана шу булоқлардан фақат тўрттаси бугунгача сақланиб қолган.

Қишлоқда бўлган кезларим, қалъани зиёрат қилишга ошиқаман. Унга узоқ тикилишни ёқтираман. Кўҳна шаҳар ўз бағрида яна қанча сир-синоатни яширган экан...

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!