Қачон Джаббаров эмас, Жабборов бўламиз?

Қачон Джаббаров эмас, Жабборов бўламиз?

Ҳар доимгидек бирон сана ёки муҳим қарорлар қабул қилинганида ўша мавзу ҳақида уч-тўрт куни сийқаси чиққанича гапириб, кейин жим бўлиб кетадиган одатимиз бор. Хусусан, якунланаётган ойда Адлия вазирлигининг давлат тилида иш юритмаган мансабдорни жавобгарликка тортиш ҳақидаги таклифи, унинг ортидан россиялик мансабдор хонимнинг баёнотига билдирилган муносабатлар ижтимоий тармоқларни бир ёндирди-ю, ўчди.

Аслида, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад айтганларидек, давлат тили ҳақида ҳар куни ва ҳамма гапириши керак. Чунки Она тилимиз мавқеини ошириш билан боғлиқ қилишимиз лозим бўлган ишлар шунчалик кўпки, бу билан ҳар куни, ҳар соатда шуғулланмасак яна 30 йилда ҳам тилимизни тўғрилай олмаймиз.

Иш жараёнимда тил билан боғлиқ жуда кўп муаммоларга дуч келаман. Мисол учун, аҳоли мурожаатлари билан танишаётганимда нотўғри ёзилган исм-шарифларни ўқиб, фуқарога “тўғри ёзсангиз бўлмайдими” десам, “ака, паспортимда шундай ёзилган” дейди.    

Маълумки, совет мафкурасининг таъсирими ёки чаласаводликданми, кўпчиликнинг исм-фамилияси нотўғри ёзилаверган. Ҳатто буни ўзгартиришнинг иложи ҳам бўлмаган. Лекин мустақил яшаётганимизга яқинда 30 йил бўлади. Аммо ҳамон бу касалликдан қутулганимизча йўқ. Юлдашев, Саберходжаев, Джаббаров, Тухтаходжаев, Салимсаков,  Бакиев, Джумабоев, Гапаров... Бундай фамилияларга кўзимиз ҳам, ўзимиз ҳам ўрганиб қолганмиз.

Баъзан кимдир исмимизни нотўғри айтса, ҳақоратдек қабул қилиб жаҳлимиз чиқади. Лекин отамиз ёки бобомиз исми билан айтиладиган фамилиямизни нотўғри ёзса, нотўғри талаффуз қилса ҳам парвойи-палакмиз. Ҳатто дунёдан ўтган яқинларимизнинг қабртошига битилган ёзувлар ҳам паспорти бўйича ёзилиши шарт дея, марҳумнинг исми ёки фамилиясини ҳам нотўғри ёзяпмиз!

“Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганига 30 йилдан ошди. Энди ўз исмимизни, отамизнинг исми ёки фамилиясини тўғри ёзишимизга ким халақит беряпти, ҳеч қандай тўсиқ ҳам йўқ! Хўп, бир пайтлар нотўғри ёзилган экан, ҳозир уни тўғрилашнинг иложи бор-ку! Ёки ўзимизнинг, аждодларимизнинг номига шунчалик бефарқмизми?! 

Оила кодексининг 69-моддасида агарда фамилияни ёзишда хатоликка йўл қўйилган бўлса, бу бўйича тегишли идорага мурожаат қилиш мумкинлиги ёзилган. Жумладан, Фуқаролик ҳақида далолатнома ёзиш (ФҲДЁ) органига бу ҳақда мурожаат қилинса, тегишли текширувлардан сўнг Джаббаров фамилиямиз бир пастда Жабборовга ўзгаради. Аммо бунинг учун ўзимизда бир оз хоҳиш, ҳафсала бўлиши керак. Чунки расмий ҳужжатларда исм-фамилияси нотўғри ёзилганларнинг 80 фоизи ҳужжатига ўзгартириш киритишни ортиқча ташвиш деб ҳисоблар экан. Лекин “ортиқча ташвиш” ортида отамиз ёки бобомизнинг шаъни, ҳурмати турганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. 

Ахир бу падари бузрукворимиз, боболаримизга ҳурматсизлик, очиқчасига ҳақорат қилиш эмасми? Ахир бу миллий қадриятларимиз, муқаддас динимизга ҳам тўғри келмайди-ку! Балки, бундан ўтган аждодларимизнинг руҳи безовта бўлаётгандир. Сизни биламадим-у, лекин мен буни шундай қабул қиламан.

Кўп ва хўп айтилган бу мавзу ҳақида ёзмоқчи эмас эдим. Лекин яна ёзсак, ёзаверсак, айрим ватандошларимиз инсофга келиб қолармикан дейман-да! 

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!