Путин "WADA"нинг қарорига муносабат билдирди
«Норманд шакли»даги музокаралардан сўнг, Парижда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия Президенти Владимир Путин Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ижроия қўмитасининг россиялик спортчиларни тўрт йил муддатга барча йирик халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги қарорига изоҳ берди.
Путин бу қарорни Олимпия хартиясига зид деб атади, сабаби, WADA ижроия қўмитаси томонидан қўлланилган жазо «жамоавий характерга эга» ҳамда бу хартия билан тақиқланган. Шунга кўра, Путин Спорт арбитраж судига WADA қарори бўйича шикоят билан чиқишга асос бор, деб ҳисоблайди.
«Россия Миллий олимпия қўмитасига ҳеч қандай эътирозлар йўқ. Агар унга эътироз бўлмаса, унда мамлакат ўз миллий байроғи остида иштирок этиши керак. Олимпия хартиясида шундай ёзиб қўйилган. Бу WADA қарори Олимпия хартиясига зид эканлигини англатади. Бизда CAS’га, судга шикоят қилиш учун барча асослар бор», - деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, 9 декабрь куни WADA ижроия қўмитаси Россияни тўрт йилга йирик халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Қайд этилишича, буларга - Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари киради. Шунингдек, Россия Федерацияси давлат хизматчиларининг халқаро спорт тадбирларига бориши тақиқланди.
Хабарда айтилишича, WADA Россия давлат хизматлари ва Россия олимпия қўмитаси ҳамда Россия паралимпия қўмитаси раҳбариятига шундай тақиқ жорий этди.