Путин Украинада ютқазмоқда
Путин Украинада ютқазмоқда ҳамда Грузия ва Арманистонни босиб олиши мумкин — Михаил Саакашвили.
Тбилисидаги қамоқхонада сақланаётган Грузиянинг собиқ президенти Deutsche Welle нашри саволларига ёзма равишда жавоб берди.
"Путин Украинада ютқазмоқда ва ишончим комилки, у тўлиқ назоратни ўрнатиш учун параллел равишда Беларус, Грузия ва Арманистон томон экспансияни бошлайди", — деб ёзган Михаил Саакашвили.
У Россия президенти Грузиянинг собиқ бош вазири ва йирик тадбиркор Бидзина Иванишвилига босиб олинган Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида тан олиш "талабини аллақачон қўйганини" кўрсатиб ўтди.
"Менинг фикримча, бу Тбилисининг тўлиқ эгалланишига айланиб кетади. Иванишвили Россиянинг талаби билан Грузия қуролли кучларини амалда йўқ қилди. Иқтисодиёт 99 фоизга Россияга боғлиқ. Грузиянинг унга ёрдам бера оладиган дўстлари қолмади. Шу боис тўлиқ назорат ўрнатилиши фақат вақт масаласидир.
Шу билан бир вақтда Путин Арманистонни ҳам эгаллашга ҳаракат қилади, чунки у Пашинянни менсимайди ва у ердаги қудратли "бешинчи колонна"га (ички сотқинларга) таяниши мумкин. Арманистонни эса Грузияни назорат қилмасдан туриб эгаллаб бўлмайди", — дея таъкидлади Саакашвили.
Бундан ташқари, қамоқдаги грузин сиёсатчиси АҚШ президенти Доналд Трампнинг ҳаракатларидан "мамнун" эканини маълум қилди.
"Биламан, кўплаб украиналикларга ушбу баёнотлар унчалик ёқмайди, лекин Украинага қурол етказиб берилишига, Россияга қарши Европанинг 21-санкциялар пакетидан анча самаралироқ бўлган иқтисодий санкцияларга қаранг, америкаликлар Москвани Кавказдан қандай сиқиб чиқараётганига эътибор беринг ва Роналд Рейган давридан бери бирон бир АҚШ президенти Россияга нисбатан бунчалик қаттиққўл бўлмаганини тушуниб етасиз",
— дейди Саакашвили.
У, шунингдек, Украина Европа Иттифоқига қабул қилинишига ишонч билдирди, бироқ бу "осон бўлмаган жараён" бўлишини таъкидлади.
"Мен коррупцияни ёмон кўраман, лекин уни Украинанинг аъзо бўлиши йўлидаги асосий тўсиқ деб ҳисобламайман. Аслида Руминия ва Болгария ЕИга кираётганда янада коррупциялашган эди, масалан, Черногория Киевга қараганда сезиларли даражада коррупциялашган, лекин шу билан бирга аъзоликка жуда яқин турибди", — деб баёнот берди Саакашвили.
