"Пулини бир ҳафтадаёқ берамиз": андижонлик фирибгарларга суд ҳукми ўқилди
Андижонлик қирқ баҳорни қаршилаган Шоҳида ва Азиза (исм-шариф ўзгартирилган) муқаддам 8 маротаба турли жиноятларни содир этиб судланган. Одатда аёллар вафоли ёр, меҳрибон она рутбасига ошиқса буларнинг ортиргани “хавфли рецидивист” мақоми бўлди.
Шоҳиданинг қилмиши ҳақида қисқача тўхталсак, у хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, хавфли рецидивист Азиза билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, Андижон шаҳрида жойлашган Жаҳон буюм бозорига боришиб, мазкур бозорнинг 8-қатор савдо растасида жойлашган савдо дўконидаги сотувчи жабрланувчи Ойшага гўёки ўзларини савдогар сифатида кўрсатишиб, унга тегишли бўлган кийим-кечакларни пулини бир хафталик муддатда бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишиб алдашиб, ойшанинг жами 21.410.000 сўмлик аёллар кийим-кечакларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
Бундан ташқари, Шоҳида ва Азиза хафли рецидивист бўлгани ҳолда, жиноий ҳаракатларини давом эттиришиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2020 йил 6 август куни жабрланувчи Асиланинг Андижон шаҳрида жойлашган уйига келишиб, унга ўзларини савдогар сифатида кўрсатишиб, Асиланинг ишончига киришиб, жами 7.030.000 сўм бўлган турли хилдаги буюмларини пулини бир ҳафта ичида беришликка ёлғондан ваъда бериб сотиб олишиб, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
Судда айби исботланган жиноят учун жазо ҳамиша муқаррар. Бу ҳаётда бировнинг ҳақи ўзгага ҳеч қачон буюрмаслиги аниқ. Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи фикрини, судланувчи Шоҳида Собитова ва Азиза Олимовани, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Шоҳида Собитова ҳамда Азиза Олимовани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айбли деб топиб, айбини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, уларга қонун санкциясида белгиланган жазони тайинлади.
Ҳусниддин Камолов,
жиноят ишлари бўйича Бўстон туман суди судьяси