Прокуратура журналист Давлатназар Рўзметов иши бўйича текширув ўтказмоқда

Прокуратура журналист Давлатназар Рўзметов иши бўйича текширув ўтказмоқда

Октябрь ойи охирида «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик маъмурий қамоқ жазосига маҳкум қилинганди. У қамоқдан чиққач, KUN.UZ мухбири билан интервьюда ўзининг қўлга олиниши тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилганди.

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ушбу иш бўйича KUN.UZ'га қуйидагича маълумот берган. 
 
«Қўшкўпир тумани маъмурий судининг жорий йилнинг 29 октябрдаги қарорига кўра, «Хоразм ёшлари» газетаси мухбири, 1971 йилда туғилган Давлатназар Рўзметов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбли деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 
 
Суд қарорида Д.Рўзметов 2018 йилнинг 25 октябрь куни, соат 21:30ларда Қўшкўпир тумани ҳокимлиги биносида пахта йиғим терими юзасидан бўлиб ўтаётган мажлисга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда кириб келиб, ўзини «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари сифатида таништириб, шахсий телефонига видеога олиб, «Ҳаммангни ёраман» деб, қўллари билан ҳар хил ҳаракатлар қилиб, мажлисда ҳақоратли сўзларни ишлатиб, шовқин-сурон қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб, майда безорилик ҳаракатини содир қилгани ёзилган. 
 
Иш бўйича гувоҳ Д.Садуллаев (туман ҳокимининг ёшлар масаласи бўйича мутахассиси) 25.10.2018 йил соат 21:30ларда Қўшкўпир туман ҳокимлиги мажлислар зали олдида турганида, Д.Рўзметов маст ҳолда келганини, шу сабабли уни ичкарига киритмаслигини айтганлигини, шунга қарамасдан, Д.Рўзметов «Ҳаммангни ёраман» деб залга бостириб киргани ва шовқин солганини билдириб, кўрсатма берган. 
 
Гувоҳ С.Мадримов (туман ҳокимлиги ҳисобчиси) шу куни, соат 21:30ларда Қўшкўпир туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб турганида, Д.Рўзметов маст ҳолда кириб келиб, «Ҳаммангни ёраман» деб шовқин кўтариб, ўзининг телефонига видеога ола бошлаганлигини, Д.Рўзметовни олдиндан танимаслигини билдириб, кўрсатма берган. 
 
Ҳуқуқбузар Д.Рўзметов судда айбига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам тўйда икки пиёла спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, туман ҳокимлиги залига киришда таниши Д.Садуллаевга «ёраман» деб айтганлигини, бошқа шахсларни ҳақорат қилмаганлигини, кейин ИИБ ходимлари олиб кетганлигини кўрсатган бўлса-да, унинг айби маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, 25.10.2018 йилдаги мастлик ҳолатини аниқлаш юзасидан тиббий текширув баённомаси, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда маъмурий ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топган. 
 
Суд Д.Рўзметовга нисбатан жазо тайинлашда унинг оилавий шароитини, 3 нафар фарзанди борлигини ва бошқаларни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳисоблаб, унинг ҳуқуқбузарликни маст ҳолатда содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида асосли хулосага келганлиги аниқланди. 
 
Хоразм вилояти 22-бўлим бошлиғининг 09.11.2018 йилдаги билдиргисига асосан Д.Рўзметовнинг Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари ҳаракатларидан норози бўлиб, ОАВдаги мурожаати юзасидан Қўшкўпир туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда», дейилади маълумотномада.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!