Президентнинг қизи кўп миллионли бизнесга алоқадорлиги маълум бўлди

Президентнинг қизи кўп миллионли бизнесга алоқадорлиги маълум бўлди

Россия президенти Владимир Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцова мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида йирик хусусий инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи компания эгаларидан бири бўлиб чиқди. Лойиҳанинг баҳоси 40 миллиард рубл ($614 миллион)га баҳоланмоқда.

Диққатини саратонга қарши курашнинг замонавий усулларига қаратган ушбу лойиҳани нуфузли амалдорлар қўллаб-қувватлаб келади.

Июл ойининг бошида Санкт-Петербургда кенг жамоатчилик учун у қадар қизиқарли туюлмаган «Ядро тиббиёти» симпозиуми бўлиб ўтган эди. Уни бор-йўғи 2019 йил январида асос солинган «Номеко» акционерлик жамияти ташкил этган.

«Номеко» йирик кўптармоқли тиббиёт комплекси қуриш билан шуғулланмоқда. Лойиҳанинг қиймати 40 миллиард рублга тенг.

«Номеко» акционерлари ичида эса Мария Владимировна Воронцова исми ҳам бор. The New York Times нашри уни президент Путиннинг тўнғичи дея атайди.

Би-би-си рус хизмати шу вақтга қадар ўзининг фақат илмий ютуқлари билан маълум бўлган Воронцованинг бизнесдаги илк тетапояси ҳақида ҳикоя қилишга қарор этди.

Улкан режалар

Ҳикояни «Согаз медицина» тиббиёт комплексидан бошласак. Бу кенг миқёсли лойиҳани 2021 йилга қадар «Согаз» суғурта компанияси Ленинград вилоятида амалга оширишни кўзламоқда.

Компания Россия ихтиёрий тиббий суғурта бозорининг деярли 40 фоизини эгаллаб олган. «Согаз» бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини президент Путиннинг амакиваччасининг ўғли Михаил Путин бажаради.

«Согаз медицина» комплекси қурилиши учун 2019 йил январ ойида Ленинград вилоятининг нуфузли туманидан 30,4 гектар ўрмон ҳудуди ажратилган.

Қурилиш учун ер ажратиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳани амалга оширувчи «Номеко» компаниясининг таъсис этилиши билан бир вақтга тўғри келган.

«Номеко»нинг дунёга келиши

«Номеко» Петербург марказидаги «Согаз» компаниясига тегишли бинода рўйхатдан ўтган. Унинг устав капитали ярим миллион рублга тенг.

«Номеко» соҳиблари орасида «Согаз медицина» директори Владислав Баранов, собиқ таълим вазири ўринбосари Сергей Мазуренко, «Согаз» халқаро тиббиёт маркази бош врачи Андрей Обрезан ва Наталя Бугаэнкони учратиш мумкин.

Бугаэнко ҳақида кўп нарса маълум эмас. У жорий йилнинг июл ойига қадар «Номеко»нинг бош директори бўлган. Бугаэнко «Согаз медицина» ходими экани тахмин этилади.

Жамиятнинг яна бир акционери – Мария Владимировна Воронцова.

Би-би-си рус хизмати бундай исмли аёлнинг президент қизи экани ёки йўқлиги билан қизиқиб кўрди. Владимир Путин оиласига яқин бир манба ушбу тахминни тасдиқлади.

Мария Воронцова бизнеси ҳақида омма деярли билмаган // Фото: BBC/UZBEK

«Рейтер» агентлигининг 2015 йилда берган хабарида айтилишича, президент Путиннинг тўнғичи Мария Москва давлат университети (МГУ) фундаментал тиббиёт факултетини тамомлаган ва ўз хизмат фаолиятини эндокринология соҳасида бошлаган.

Би-би-си бу маълумотларни тасдиқлаш борасида Кремл матбуот хизматига сўров йўллади, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.

Оммага номаълум шахс

Россия президенти ўз фарзандлари ҳақида гапиришни хуш кўрмайди. Воронцованинг таржимаи ҳолига унинг номзодлик ишига ёзилган тақризлар бирмунча ойдинлик киритган. Айни дамда аёлнинг ёши 34 да экани тахмин қилинади.

У МГУнинг фундаментал тиббиёт факултетини 2011 йилда «даволаш иши» мутахассислиги бўйича битирган. Сўнг Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги эндокринология илмий марказида хизмат қилган.

Воронцова бундан икки йил муқаддам «Гипофизар нанизм билан оғриган болаларни ўсиш гормонлари ёрдамида даволаш: тиббий ва иқтисодий жиҳатлар» мавзуси бўйича диссертацияни ҳимоя қилган.

Гипофизар нанизм ёки паканалик – жисмоний ривожланишнинг танада ўсиш гормонлари етишмовчилиги оқибатида тўхтаб қолиши. Россияда бундай касалликка учраган тўрт мингга яқин бола рўйхатга олинган.

The New York Times журнали ва Reuters агентлигининг ёзишича, Воронцованинг турмуш ўртоғи – нидерландиялик ишбилармон Йоррит Йост Фаассен. У 2006 йилда «Газпром»га ишга жойлашиш мақсадида Россияга келган ва 2007 йилда бизнесни ривожлантириш бўйича директор лавозимини эгаллаган. Мария у билан қачон турмуш қургани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

Мариянинг синглиси – Катерина Тихонова ҳам илм дунёси вакили. Тихонованинг «Иннопрактика» компанияси Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг технология водийсида протон терапияси марказини қуришга бош-қош бўлмоқда.

2015 йилда «Иннопрактика» МГУнинг илмий-технология водийсини кенгайтириш билан шуғулланаётгани ва лойиҳа қиймати 110-120 миллиард рубл ($1,6-1,8 миллиард)га баҳоланаётгани маълум бўлиб, хабар шов-шувга айланган эди.

МГУ, «Иннопрактика» Би-би-сининг сўровларига жавоб қайтармади. Мария Воронцова ҳам ўз номига йўлланган қўнғироқ ва хабарларни эътиборсиз қолдирди.

Режалар ҳали катта

Июлда ўтган симпозиумда ташкил этилганига атиги ярим йил бўлган «Номеко» компаниясининг режалари ақл бовар қилмас даражада улкан экани маълум бўлган.

Берилган маълумотларга қараганда, «Номеко» қурмоқчи бўлаётган тиббиёт комплекси майдони 200 минг квадрат метрга етади.

Унинг таркибига онкологик марказ, реабилитация ва спорт тиббиёти маркази, ўқув комплекси, ядро тиббиёти маркази киритилиши кутилмоқда.

Тиббиёт комплекси йилига 20 минг беморни қабул қилиши, у ерда бир йилда 10 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва 3500 бемор стационар ҳолатда онкологик даволанишдан ўтиши айтилмоқда.

«Номеко» компанияси расмийларининг ваъдасига кўра комплекс мукаммал жиҳозланганлик бўйича дунёдаги клиникалар учталигига киради.

Бироқ тиббий комплекснинг энг асосий «ташриф қоғози» – протон терапияси. Бу онкологик хасталикларни даволашнинг энг замонавий усулларидан ҳисобланади. Унинг самараси тўғрисида Воронцованинг ўзи ҳам симпозиумда сўзлаб берган.

2020 йилдан протон тиббиёти учун тўловларни ҳукумат Мажбурий тиббий суғурталаш фонди ҳисобидан тўлаб беришни режалаштирмоқда. Режага кўра ажратилган пул 2 мингга яқин беморни даволашга етиши лозим. Бир беморни даволаш 2-2,5 миллион рубл ($30,5-38 минг)га тушади. Бироқ Россияда йилига 25-35 минг инсон, жумладан, 3 мингга яқин бола бундай давога муҳтождир.

Тиббий комплекс 2021 йил якунига қадар қуриб битказилиши лозим, аммо Би-би-си мухбири ҳужжатларда кўрсатилган қурилиш майдонига бориб, у ерда қалин ўрмондан бошқа ҳеч қандай нарсани топа олмади.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко мазкур тиббий комплекс шарофати билан вилоят Россиядаги тиббиёт туризмининг янги нуқтасига айланишини башорат қилган.

Номаълум ширкат

«Номеко» ҳали бирор ерда ўзининг бундай қимматбаҳо лойиҳадаги расмий ролини ошкор этмаган.

Федерал каналлар ва президент Путинга яқин шахсларга тегишли медиакомпаниялар «Номеко»ни кўкларга кўтарган бўлса-да, жамоатчиликка бу компания тўғрисида деярли ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Компаниянинг расмий сайтида унинг мақсади «клиникалар амалий фаолиятида юқори технологияли диагностика ва даволаш методларини самарали жорий этиш учун илғор илмий-тадқиқот ташкилотлари ва тиббий муассасалар ўртасида ўзаро алоқа интерфейсини яратиш» ўлароқ кўрсатилган.

Тахминларга кўра президент Путиннинг тўнғичи эгалик қилади дея кўрилувчи «Номеко» қурилажак йирик тиббий комплекснинг бошқарувчисига айланади.

«Номеко» матбуот хизмати Би-би-сига жавоб қайтармади.

Бойлар шифохонаси

Россия шимоли-ғарбида кўптармоқли клиникага асос солган Глеб Михайлик Ленинград вилоятида қурилаётган тиббий марказни айни вақтда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик инвестиция лойиҳаси деб атайди ва уни гипермаркетга менгзайди.

«Бу ҳақиқатан тиббий хизматлар сотилувчи гипермаркет бўлади. Шифохона дунёдаги энг замонавий тиббий технологияларни қўллаш имкониятига эга бўлади», – деб изоҳлайди у.

«Кўплаб сабабларга кўра Россия элитасига даволаниш учун ҳашаматли шифохона зарур бўлиб қолган кўринади».

Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова эса Би-би-сининг ҳукумат янги қурилаётган йирик тиббиёт комплекси билан қандай ҳамкорлик қилмоқчи деган саволига бу ҳақида ҳали гапириш эрта эканини таъкидлади.

Сергей Березин номидаги тиббиёт институти директорлар кенгаши раиси Аркадий Столпнер унинг институти Ленинград вилоятида протон терапияси билан шуғулланиб келаётгани ва бир ҳудудда ўхшаш хизмат кўрсатувчи икки марказнинг бўлиши мантиққа тўғри келмаслигини айтади.

Бундан ташқари унинг сўзларига кўра 2025 йилга бориб бутун дунёда протон терапияси буткул тарқалиб бўлади ва Ленинград вилоятидаги марказга тиббиёт сайёҳларининг оқиб келишидан умид қилиш ярамайди.

minbar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!