Президентликка номзодлар омма олдида дебат ўтказишадими?

Президентликка номзодлар омма олдида дебат ўтказишадими?


Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилиши ортидан номзодлар омма олдида дебатлар ўтказишадими, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Мазкур масалага сайлов қонунчилиги нуқтаи назаридан тўхталиб ўтсак.

✔️ Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайловолди ташвиқоти-сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир, деб белгиланган. Ҳали партиялар номзодларини эълон қилишмаган экан демакки, бугундан бошлаб сайловчиларни ўз партияларини ёқлаб овоз беришга ундаш билан шуғулланишлари мумкин. Кейинчалик номзод рўйхатга олинса номзодни ёқлаб ундашга ўтишлари мумкин бўлади.

✔️ Кодекснинг 45-моддасига кўра, "ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин."

Биз айтаётган дебат масаласи ҳам ушбу қисмда акс эттирилган бўлиб, дебат омма олдида очиқ мунозара олиб боришнинг бир шакли сифатида намоён бўлмоқда. Ташвиқотнинг ушбу шаклидан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик номзод ёки партияларнинг мутлақ ҳуқуқи.

Лекин дебатлар дунё сайлов тизимидаги энг демократик, замонавий сайловолди ташвиқоти эканлигини инобатга олсак, бу шакл ўзбекистонлик сайловчилар учун ҳам маъқул келган бўларди. Партиялар ва номзодлар буни инобатга олишади, деган умиддамиз.

✔️ Яна бир муҳим масала шундаки, Сайлов кодексининг 44-моддасига асосан сайлов комиссиялари аъзоларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши таъқиқланади.

Оддий айтганда номзодлар дебатлар ўтказадими йўқми бу каби ишларга аралашиш ёки шуғулланиш марказий сайлов комиссияси вакилларига мумкинмас. Демак, бу саволни уларга беришнинг ўзи ҳам унчалик тўғри бўлмайди.

Номзодлар аниқ бўлгунча ҳозирча бу саволга партиялар жавоб бергани маъқул.

Расул Кушербаев, депутат


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!