Президент томонидан имзоланган фармоннинг аҳамияти

Президент томонидан имзоланган фармоннинг аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йилнинг 24 июлидаги Фармони бўйича

Фармоннинг муҳим жиҳатлардан бири бу маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш назарда тутилганлигидир.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасида ҳам Маъмурий судлар ташкил этилиши, “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилиниши оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш маъмурий судлар ваколати сифатида белгиланди. Аммо шу билан бир қаторда шахсга, жамиятга, давлатга зарар етказилиши мумкин бўлган ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқмайдиган ҳуқуқбузарликлар ҳам маъмурий судлар томонидан кўрилмоқда.

Амалдаги Жиноят кодексининг махсус қисмининг 53 та моддасидаги 63 та жиноят таркиби бўйича маъмурий преюдиция мавжуд. Яъни, Жиноят кодексидаги муайян ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жиноят сифатида баҳоланади. Қайд этиш лозимки, маъмурий преюдицияга эга бўлган жиноят қонунчилигидаги қилмишларни биринчи марта содир этилганда маъмурий судларда кўрилиши шахснинг процессуал ҳуқуқларини жиноят-процессуал қонунчилигидаги каби ҳимоя қилиш имконини бермайди. Яъни маъмурий судда иш юритиш табиати билан жиноят сифатида иш юритиш табиати бир биридан фарқ қилади.

Ривожланган хорижий мамлакатлар АҚШ, Германия, Франция ва бошқа мамлакатларда юқоридаги тоифадаги ҳуқуқбузарликлар жиноят судларида кўриб чиқилади.

Шахсга, жамиятга, давлатга зарар етказилиши мумкин бўлган ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқмайдиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кафолатли ҳимоя қилишга ҳамда судларни ихтисослашувини янада таъминлашга хизмат қилади.

Уйгун Нигматджанов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи ўринбосари

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!