Президент тақиқига қарамай, Қаршидаги маҳалла масъулларига солиқ йиғиш мажбурияти юклатилди

Президент тақиқига қарамай, Қаршидаги маҳалла масъулларига солиқ йиғиш мажбурияти юклатилди

Қарши шаҳридаги мавжуд 62 та маҳалла масъулларига ҳар ой аҳолидан 10 миллион сўмлик солиқ тушумларини тушириш мажбурияти юклатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбирига исми ошкор этилса, ишдан бўшатилишидан қўрққан маҳалла масъуллари маълум қилмоқда.

Суҳбатдошларнинг сўзига кўра, 10 июнь куни эрталаб Қарши шаҳар ҳокимлигида барча ташкилот раҳбарлари иштирокида йиғилиш ташкил этилган. Йиғилишда иштирок этган маҳалла раисларига шаҳар ҳокими томонидан аҳолининг ер ва мулк солиғидан тўланмай келинаётган қарздорлигини ундириш масъулияти юкланган.

«Араловул» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Боқи Тўрабоев «Дарё» мухбири билан суҳбати давомида 10 июнь куни эрталаб шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким томонидан шундай топшириқ берилганини тасдиқлади.

«Захокимарон» МФЙ котиби Нодира Тошпўлатованинг тасдиқлашича, 10 июнь куни эрталаб маҳалла раислари учун, тушдан сўнг соат 15:00 да маҳалла котиблари учун йиғилиш ташкил этилиб, ушбу мажбурият ҳақида огоҳлантиришган. Маҳалла раисларига солиқ мажбуриятини шаҳар ҳокими айтган бўлса, котибларга Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Қарши шаҳар Кенгаши раиси Нормурод Ҳамзаев эслатган. Нормурод Ҳамзаев маҳалла котибларга маҳалла раислари ўқишда бўлгани боис, ушбу мажбурият уларнинг зиммасига юклатилиши, ҳар куни тушдан кейин соат 15:00 гача солиқ қарздорлигини тушириш билан шуғулланишлари лозимлигини уқтирган.

Йиғилишда қатнашган Нодира Тошпўлатованинг айтишича, маҳалла котиблари Кенгаш раисига «котиблар ўз иши билан машғул бўлиши керакми ёки аҳолининг солиқдан қарздорлиги билан шуғулланиши лозимми?», дея савол ҳам берган. Бунга жавобан эса маҳалла котиблари буйруқни бажаришлари лозимлиги хусусида огоҳлантирилган.

Нодира Тошпўлатова ушбу топшириқ сабаб ўз зиммасига юклатилган вазифалар қолиб кетишидан чўчимоқда.

«Дарё» мухбири Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Қарши шаҳар Кенгаши раиси Нормурод Ҳамзаев билан боғланиб, маҳалла котиблари зиммасига юклатилган масъулият ҳақида сўради.

— Ҳақиқатдан ҳам шундай топшириқ берилди, фақат ҳудудларга чиқиш мажбурияти қўйилмаган, — дейди Нормурод Ҳамзаев. — Маҳаллага «справка» сўраб келган фуқароларга қўлидаги рўйхат асосида агар солиқдан қарздорлиги бўлса, қарздорлиги борлигини айтиб, тўлаши лозимлигини тушунтириш масъулияти юклатилди. Маҳалла фуқароларига ушбу қарздорлик хусусида Мажбурий ижро бюросига хабар берилганини, агар вақтида тўламаса, мол-мулки мусодара қилиниши мумкинлигини тушунтириши лозим бўлади. У ёққа чиқ, бу ёққа бор деган топшириқ берилмаган.

«Шўртангаз» МФЙ котиби Феруза Эралиеванинг фикрича, ушбу топшириқ улар маҳалла аҳолисини яхши билганлиги учун уларга юклатилган.

— Нимаям қилардик, эплашга ҳаракат қиламиз, — дейди Феруза Эралиева «Дарё» мухбирининг «ушбу вазифани ўз ишингиздан ортиб бажаришга имконингиз ва кучингиз етадими?», дея берган саволига жавобан.

«Шайхали шаҳарча» МФЙ котиби Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг айтишича, маҳалла масъулларининг солиқ тушумларини йиғишга жалб қилиниши бир ой олдин бошланган жараён. Унинг сўзларига кўра, бу мажбурият юклатилганда ҳар бир маҳаллага кунига 3 миллион сўмлик қарздорликни ундириш вазифаси бириктирилган.

— Аммо кунига аҳолидан 3 миллион сўм қарздорликни ундириш жуда мушкул иш, — дейди Жаҳонгир Абдураҳмонов. – Баъзан 3 миллион бўлади. Баъзан эса йўқ. Аммо ҳеч бўлмаганда кунига 700–800 минг сўм қарздорликни ундиряпмиз.

Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, шаҳар солиқ инспекцияси томонидан аҳолининг қарздорлиги бўйича берилган рўйхат билан асл ҳолат тўғри келмай қолиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

— Бундай пайтларда фуқарони солиқ идорасига юборамиз ва муаммони шу йўсинда бартараф этяпмиз, — дейди Жаҳонгир Абдураҳмонов. — Солиқ идорасига борганда реал қарздорлик келиб чиқяпти.

«Эски анҳор» МФЙ котиби Фазилат Сафарованинг айтишича, маҳалла масъулларига солиқ йиғиш мажбурияти май ойининг сўнгги ўн беш кунлигида топширилган.

Аниқланишича, «Эски анҳор» маҳалласида 321 та хонадон мавжуд бўлиб, солиқ мажбурияти ойига 2 миллион сўм этиб белгиланган. Аммо бу кўрсаткичга етиш амримаҳол. Ойига 400–500 минг сўм атрофида солиқ тушуми йиғилади.

Фазилат Сафаровага кўра, у фаолият олиб бораётган маҳаллага ўтган ой 64 миллион сўм солиқдан қарздорлик мавжудлиги билдирилган. Июнь ойида эса қарздорлик кўрсаткичи 56 миллиондан ошиқроқ эканлиги маълум бўлган.

— Маҳалламизда умуман яшамаган 5 нафар фуқаро ҳам солиқдан қарздорлар рўйхатига киритилиб, бизнинг маҳалла ҳисобига қарздорлик ёзилган, — дейди Фазилат Сафарова. — Шунинг учун маҳалламиз аҳолисининг ер ва мулк солиғидан қарздорлиги катта кўрсаткичга етяпти. Масалан, Дилафрўз Қурбонова исмли фуқарога 3 миллион 93 минг сўм қарздорлик ёзилган. Ҳолбуки бу фуқаро бизнинг маҳаллада умуман яшамаган.

Фазилат Сафарованинг айтишича, маҳалласига бириктирилган солиқ ходими Шуҳрат Алимардонов бошқа маҳаллаларга ҳам масъул бўлгани боис доимо ҳам маҳаллага келаверишга вақт тополмайди. Келган пайтлари ҳам икки соат юриб, кейин бошқа маҳаллага ўтиб кетади.

— Солиқ тўлайман дегувчилар бўлса, солиқ ходимига телефон қилиб билдирамиз ва манзилини айтамиз. Келиб тўловни қабул қилиб кетади, — дейди Фазилат Сафарова.

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасининг «Дарё» мухбирига маълумот беришича, Қарши шаҳридаги мавжуд 62 та маҳалладаги аҳолининг солиқдан қарздорлигини ундириш учун 18 нафар инспектор масъул этиб белгиланган.

Ушбу масалани кўтариб чиқишдан мақсад шуки, жойлардаги мутасаддиларга Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 2 апрель куни қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш, шунингдек фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш тақиқланади» – деган жумлаларни эслатиб қўйишдан иборат. Зеро давлат раҳбарининг шахсан ўзи бу каби ҳолатларга қарши. Шундай экан, ҳар бир қадамни ўйлаб босайлик ўртоқ мутасаддилар!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!