Полигонда ҳарбийлар тунги ва кундузги отиш машқларини ўтказди

Полигонда ҳарбийлар тунги ва кундузги отиш машқларини ўтказди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Сурхондарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар қурол ишлатиш техникаси, қисқа масофадаги жангларда инновацион тарзда қўллаб келаётган услублари, машғулотлар чоғида тезкорлик ва аниқликларига, руҳий ҳолатининг барқарорлигига эътибор қаратди.

“Йиғин”, “Тревога” сигнали билан кўтарилган гуруҳ таркибидаги ҳарбий хизматчилар саноқли дақиқа ичида барча тегишли қурол-аслаҳа ва моддий-ўқув воситалар билан дала-ўқув майдонига равона бўлди.

Енгил зирҳланган “М-ATV” ҳарбий техникаси отиш майдонига етиб келди. Гуруҳ шахсий таркиби белгиланган ўқув-машғулоти режасига кўра кундузги отиш машғулотлари давомида бирин-кетин ПМ, АКС, ПКМ, КПВТ, РПГ-7д каби жанговар қуроллардан нишонларга қарата ўқ узаркан, амалий машғулотлар давомида тобора сайқалланиб, кемтиги тўлдирилиб келинаётган инновацион-тактик имкониятларининг нечоғлиқ устувор эканлигини намойиш этди.

Ушбу замонавий мажмуавий машғулотлар мобайнида ҳарбий хизматчилар жуфтлик, учлик ва олтилик гуруҳларда тезкор ҳаракат қилиб, бир-бирларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, нишонларни йўқ қилишади. Эҳтимолий ўқнинг талофатига дучор бўлмаслик учун ҳурбий хизматчилар ҳудуддан келиб чиқиб, шахсий хавфсизликни таъминлаш, отиш ҳолатида турли чап берувчи усулларни қўллаш, ўқдон алмаштириш чоғида жанговар биродарлик таомилига кўра ўз қуролдоши билан позиция алмашиш каби амалиётларни бажарди.

Жанговар жуфтлик ва учлик гуруҳларида 9 миллиметрдан 7,62 миллиметр калибрли жанговар қуролларгача қўлланилган бўлса, жанговар олтилик гуруҳи енгил зирҳланган “М-ATV” ҳарбий техникасида маълум масофадан шартли жанг ўчоғига кириб келинди. Бунда ҳарбий хизматчилар тезкор ҳаракат давомида позиция эгаллаб, “М-ATV”нинг том қисмида катта калибрли КПВТ қуроли “соя”сида белгиланган ҳудудга ёриб кирди. Нишонларга жиддий зарба берилгач, шартли гаровга олинганлар ва ярадорлар эвакуация қилинди.

Беш юз метргача бўлган масофада қуруқлик ва ҳаводаги нишонларни йўқ қилиш учун мўлжалланган танкка қарши қўл гранатамёти РПГ-7Д воситасида катта сержант А.Намозов ва кичик сержант Ф.Қурбонов якка ва жуфтлик тартибида “А” ва “Б” нишонларига навбатма-навбат ўт очишди. Полигон, туну кун кечадиган жанговар тайёргарлик машғулотларидан сўнг ҳарбий хизматчилар гулхан атрофида қалбларидаги Ватан ишқию юртдошлар тинчлиги, дўстлигу садоқат, соғинчу муҳаббат каби гўзал туйғуларини парваришлайди.

Айниқса, Ватан ҳақидаги қўшиқларни ҳарбий хизматчидан эшитиш кишига бениҳоя завқ бағишлайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!