Покистон Қирғизистонга денгизга чиқиш йўлини таклиф қилди
Покистон Қирғизистонга Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имконини берадиган транспорт йўлакларини очиш бўйича кенг имкониятлар таклиф қилмоқда.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ҳақда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ўтказилган музокараларда маълум қилди.
Шариф Исломобод Бишкек билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратаётганини таъкидлади. У, шунингдек, эришилган келишувларни амалга ошириш учун фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Покистон бош вазирининг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги фаол сиёсий мулоқот савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини йилига 200 миллион долларга етказишни мақсад қилган.
Шариф Қирғизистон раҳбарияти ва халқини мустақилликнинг 35 йиллиги, ШҲТ саммитининг муваффақиятли ўтказилгани ҳамда VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиши билан табриклади.
Музокаралар якунида Жапаров ва Шариф икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик даражаси юқори эканини таъкидлади.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, таълим, илмий-техник ва гуманитар соҳаларни қамраб олган 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолади ва алмашди.
Икки давлат раҳбарлари эришилган келишувлар Қирғизистон ва Покистон ҳамкорлиги доирасида аниқ лойиҳалар ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлишига ишонч билдирди.