Пиллачиликда янги босқич

Пиллачиликда янги босқич

Ипак матоси пишиқлиги, майинлиги, ўз жилоси билан азалдан маълум ва машҳур. Илгарилари фақат бой-бадавлат одамлар кийими учун ишлатилган ушбу ноёб матони тайёрлашда ипак қурти бир ойда ўз вазнидан 20 марта ортиқ миқдордаги тут баргини ейиши керак бўлади. Кўплаб қийинчиликлар асосида бунёд бўладиган бу матони ишлаб чиқаришда Ўзбекистон ҳам дадил қадам ташламоқда.

Бугун мамлакатимиз пиллачилик тармоғида 40 га яқин пиллани қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Пиллачиликда 14,5 минг киши доимий ва деярли 411 минг нафар юртдошимиз мавсумий иш ўрни билан таъминланган. Республикадаги тутзорларнинг умумий майдони 45,8 минг гектарни ташкил этади. 220 миллион туп тут дарахти бор.

Агар соҳада барча имкониятлар ишга солинадиган бўлса, ушбу рақамларни яна бир неча баробарга ошириш мумкин.

Бугун соҳада етарлича муаммолар ҳам мавжуд. Биргина пилланинг озуқаси масаласида камомадлар кузатилмоқда. Бу эса пиллани қайта ишлаш корхоналарини пилла билан тўлиқ таъминлаш имконини чегаралайди. Шу сабаб ипак қурти уруғининг кўп қисмини импорт қилишга тўғри келаяпти. Жумладан, жорий йилда 91 фоиз ипак қурти уруғи четдан олиб келинди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 декабрдаги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу соҳада янги қадамни бошлаб беради.

Юртимизда сўнгги вақтларда эришилган энг яхши натижаларимиздан бири, бу – пилла етиштириш бир йилда уч мартага етказилганидир. Натижада корхоналарнинг хомашёга бўлган талаби қондирилди. Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилаяпти. Бир муддат ипакчиликка берилмаган эътибор сабаб, соҳада оқсаш кузатилди. Сифат даражасида ҳам муаммолар бор эди. Ҳосилдорлик тушиб кетганди.

Президент қарорига мувофиқ, 2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи корхоналари томонидан томорқа ерларида, аҳоли хонадонларида тут кўчатлари экишни ва парранда боқишни ташкил этишнинг мақсадли прогноз параметрлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, аҳоли, томорқа ер эгаларига парранда ва тут кўчатларини шартнома асосида бепул етказиб бериш режалаштирилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 33 миллион АҚШ долларига тенг бўлган жами 2 минг 200 та ипак қуртини парваришлайдиган иншоотлар ҳам барпо этиладиган бўлди.

Қарор асосида уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар муддатга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди. Бу пиллачилик соҳасида янги босқични бошлаб беради.

Пиллачилик ривожи учун яратилаётган имкониятлардан қувонамиз. Айниқса, бериладиган кредит фоизларидаги имтиёз, корхонанинг иқтисодий қўллаб-қувватланиши пиллачилигимиз тез ривожланишининг асосий омили бўлиши шубҳасиз. Биз, бухоролик пиллакорлар Президентимизнинг ишончини оқлаб, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланамиз ва белгиланган режаларни бажариш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!