Петро Исроил қутқарувчиларини зилзиладан кейин ҳаракатсизликда айблади

Петро Исроил қутқарувчиларини зилзиладан кейин ҳаракатсизликда айблади

Колумбиянинг собиқ президенти Густаво Петро мамлакатга етиб келган Исроил қидирув-қутқарув гуруҳи 7,4 магнитудали вайронкор зилзиладан сўнг вайроналарни тозалаш ишларида иштирок этмаганини маълум қилди.

Петро энг кўп зарар кўрган шаҳарлардан бири — Кали шаҳридаги Исроил гуруҳининг суратини эълон қилди ва қутқарувчилар ҳеч кимни вайроналар орасидан олиб чиқмасдан ҳудудни тарк этганини айтди.

«Исроил гуруҳлари ҳудудни тарк этди ва ҳеч кимни вайроналар остидан олиб чиқмади. Ҳокимият улардан офат ҳудудида қолишни сўраган эди, чунки вайроналар орасидан ҳали ҳам овозлар эшитилмоқда», — деб ёзди Петро.

Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари Калида вайрон бўлган Vanessa биноси олдига етиб келган. Бино вайроналари остида унинг ҳамкасби Каталина Ортис қолган. Бироқ, Петро таъкидлашича, қутқарувчилар «ҳатто вайроналарни тозалашни ҳам бошламаган».

Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибига кирувчи 82 нафар қутқарувчидан иборат Исроил гуруҳи зилзиладан тўрт кун ўтиб, 14 август куни Кали шаҳрига етиб келган. Колумбия президенти Абелардо де ла Эсприэлья аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қутқарувчиларни юборгани учун миннатдорлик билдирган.

Исроил гуруҳи ҳудудда бўлган вақтда бир инцидент ҳам содир бўлди: оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, хавфсизлик кучлари «Фаластинга озодлик» деб бақираётган кишини ҳудуддан олиб чиқиб кетган.

18 август ҳолатига кўра, Колумбиядаги вайронкор зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 294 нафарга етган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар