Пайғамбаримизнинг энг яқин сафдошлари

Пайғамбаримизнинг энг яқин сафдошлари

Ислом тарихчиларининг маълумотларига кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жами ўн бир хотин билан никоҳланганлар. Ана шу ҳолатдан дин душманлари Исломни ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилиб, таъна-маломат тошларини отишда кенг фойдаланишади. Ҳатто айрим мусулмонлар ҳам буни рўкач қилиб, хотинлари сонини кўпайтириш пайидан бўлишади. Баъзи гумроҳ ва жоҳил кимсалар эса «Пайғамбар алайҳиссалом ҳавойи нафсига берилиб, шаҳватини қондириш учун шунча аёлга уйланганлар», дея таъна қилишгача боришади. Хуллас, бу мавзу атрофида шубҳа-гумон, адашув-ёлғон, туҳмат ва иғволар керагидан ортиқча. Келинг, бу ҳақдаги мулоҳазаларни холис бир кўриб чиқайлик.

Сарвари олам илк бор йигирма беш ёшларида қирқ ёшли, олдин ҳам икки марта турмуш қурган Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳога уйланганлар ва қирчиллама йигитликларининг йигирма беш йилини шу покиза ва садоқатли аёл билан ўтказганлар. Яшаб қолган фарзандлари ҳам Хадичаи Кубродан эди. Ҳижратдан уч йил олдин, ҳазрати Хадича вафот этгачгина, Пайғамбар алайҳиссалом бошқа аёлларга уйландилар. У зот шундан кейин турли йилларда Савда бинти Замъа, Оиша бинти Абу Бакр, Ҳафса бинти Умар, Зайнаб бинти Ҳузайма, Умму Салама, Зайнаб бинти Жаҳш, Умму Ҳабиба, Жувайрия бинти Ҳорис, Сафийя бинти Ҳуяй, Маймуна бинти Ҳорис оналаримиз билан никоҳландилар. Ҳазрати Мория Қибтия (Пайғамбаримизнинг ёлғиз ўғиллари Иброҳимнинг онаси) озод-ҳур хотин эмас, Миср ҳукмдори ҳадя қилган чўри бўлгани учун кўпчилик Ислом олимлари уни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг покиза завжалари рўйхатига киритишмаган.

Ана шу аёлларнинг (ҳазрати Оишадан ташқари) барчалари олдин турмуш қилган, эрлари ўлган ёки эри мушриклиги учун ундан ажрашган бева хонимлар эди. Агар Пайғамбар алайҳиссалом шаҳват кетидан қувганларида ёки ҳузур-ҳаловатларини ўйлаганларида бир неча болали, бева аёлларга эмас, бокира, турмуш қурмаган ёш қизларга йигитлик чоғларида хоҳлаганча уйланардилар. Ваҳоланки, ўша пайтда арабларда ўнтадан-йигирматадан аёлга уйланиш одатий ҳол эди. Аслида у зотнинг кўп аёлга никоҳланишларининг асосида бир қанча сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва бошқа сабаблар бор эди.

Пайғамбаримиз энг яқин ёрдамчилари ва қўллаб турувчилари бўлмиш амакилари Абу Толиб ва аёллари Хадичаи Кубродан ажраб қолгач, одамларни Исломга даъват қилиш учун тарафдорларини кўпайтириш, янада қувватланиш учун баъзи обрўли одамлар билан қудачилик алоқасини ўрнатишга тўғри келди. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттобнинг қизларига уйланиш орқали бу икки зот Пайғамбаримизнинг энг яқин сафдошларига, кейинчалик эса Ислом давлатининг раҳбарларига айланишди. Бу масаланинг бир томони.

Иккинчи сабаби – Фахри коинот турли сабабларга кўра қарайдиган ёрдамчиси, боқувчиси қолмаган, эрлари вафот этиб тул қолган бева аёлларга меҳрибончилик, раҳмдиллик кўрсатиш учун уларни қарамоғларига олиб, уйланганлар.

Масаланинг учинчи томони шуки, дин даъвати одамлар қалбидан жой олиши учун улар билан яқинлашиш, дўст тутиниш, ўзаро муносабатларни кучайтириш керак эди. Пайғамбар алайҳиссалом баъзи аёлларига уйланиш орқали кўплаб одамларнинг қалбини ўзларига улфат қилиб яқинлаштирдилар. Бошқа баъзи хотинлари сабабидан одамлардан ўзларига етадиган азият ва душманчиликларни даф этдилар. Шунингдек, айрим хотинларига уйланиб, уларни мушриклик, қашшоқлик, хорлик каби ҳалокатли ишлардан қутқариб қолдилар. Пайғамбаримиз бу аёлларнинг ҳар бири Исломга чорловчи, одамларга ҳалол-ҳаромни баён қилувчи, диний ишларда фатволар чиқариб, таълим берувчи жонли мадрасалар бўлишини ният қилган эдилар ва шундай бўлди ҳам. Оиша бинти Абу Бакр йирик олима бўлиб етишдилар, мусулмон умматига фатволар бердилар, Пайғамбар алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар сафида эдилар. Умму Салама онамиз ҳам Ислом олималаридан бўлганлар. Ҳазрати Расулуллоҳ бу уйланишлардан яна нимани ирода қилганлари ёлғиз Парвардигорга аён.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз хотинларига қилган муҳаббатлари, эътибор, адолат ва эҳтиромлари бошқа бирон башар наслининг қўлидан келмайди. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, у зот ўзларининг биринчи ва садоқатли завжалари Хадича бинти Хувайлидни умр бўйи эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйиб келганлар. «Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадича бинти Хувайлиддир», деб марҳамат қилганлар. Ҳатто Хадичанинг вафотидан кейин ҳам унинг хотирасини унутмай, яқин дугоналарини йўқлаб турганлар.

Ёки жаноб Пайғамбаримизнинг ҳазрати Оишага бўлган ҳурмат ва эҳтиромлари ҳар қандай мусулмон эркаги учун катта ибратдир.

Ривоят қилинишича, одамлар совға-саломларини Пайғамбаримиз асосан ҳазрати Оишаникида бўлганларида олиб келишар экан. Шунда у зотнинг завжалари бу ҳақда у зоти бобаракотга шикоят қилишибди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом: «Эй Умму Салама, менга Оиша ҳақида озор берма, Аллоҳга қасамки, ичингизда ундан бошқа бирон аёлнинг чойшабидагилигимда менга ваҳий нозил бўлган эмас», деганлар

(Бухорий ва Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ўртасида адолат қилишда ҳам намуна эдилар ва асҳобларидан ҳам шуни талаб этардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни бир томони мойил (фалаж) ҳолда келади», дедилар».

Сунан эгалари ривояти.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида ётиб қолар эдилар»

Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорий ривояти.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирига чиқса, ўшани ўзлари билан бирга сафарга олиб чиқар эдилар. Улардан ҳар бири учун хос кунни ва кечани тақсим қилар эдилар. Фақатгина Савда бинти Замъа ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривояти.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг Пайғамбари бир кечада хотинларининг ҳаммасини айланиб чиқар эдилар. Ўша кунларда у зотнинг тўққиз хотинлари бор эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривояти.

Нима бўлганда ҳам, Пайғамбаримиз уйланган барча аёллар у зот вафотларидан кейин «мўминлар онаси» сифатида ҳурмат-эътиборда бўлишди, у зот хонадонига муносиб равишда юксак ахлоқ ва чин инсоний фазилатларда намуна ҳолда умргузаронлик қилишди. У зотнинг оилавий ҳаётлари бошқа фазилатлари ва ахлоқий комилликлари каби инсоният учун ибрат бўлиб қолаверади.

Анвар Аҳмад тайёрлади

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!