Пайғамбаримиз ташқи кўринишларига эътибор қаратганмилар?

Пайғамбаримиз ташқи кўринишларига эътибор қаратганмилар?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг гўзали эдилар. Гўзалликлари барча ишларида кўринар эди. Шунинг учун мусулмон киши оилавий ҳаётида ҳам у зотга эргашиши, ҳар бир ишдаги жозибадорликларидан ибрат олиши керак бўлади.

Пайғамбаримизнинг ҳаётидаги гўзалликни икки томондан ўрганишимиз мумкин:

– покизаликлари:

– ўзларининг ташқи кўринишларига эътибор беришлари.

1. Расулуллоҳ тана аъзоларини поклашга қаттиқ риоя қилишлари  сийратларидан маълум. Бу фитрат хислатларидан билиб,  бошқаларни ҳам шунга буюрганлар.

Фитратнинг маъноси – пайғамбарлар ихтиёр қилган ва шариатларга мувофиқ келган қадимий суннат. Фитрат, бу – инсонлар комил сифатлар билан сифатланишлари ва гўзал суратда бўлишлари учун шунга кўра яратилган жибиллий (туғма) хислат. 

Фитрат хислатлари кўп. Улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Ўнта нарса фитратдан. Мўйлабни қисқартириш, тирноқларни олиш, бармоқдаги бўғинларни ювиш, соқолни олмаслик, мисвок, истиншоқ, қўлтиқ остини юлиш, киндик остини қириш ва истинжо қилиш”. Ҳадис ровийларидан бири Мусъаб: “Ўнинчисини эсдан чиқардим. У мазмаза бўлиши керак”, дедилар” (Имом муслим ривояти).

Жума куни ғусл қилиш ҳам фитратдан ҳисобланади. Бир ҳадиси шарифда: “Сизлардан бирингиз жумага боришни ҳоҳласа, ғусл қилсин”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Тишларни доимо покиза тутиш. Аллоҳнинг Расули бунга қаттиқ эътибор берар эдилар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳнинг мисвокларини ва таҳорат сувларини тайёрлар эдик. Аллоҳ таоло у зотни кечадан хоҳлаган вақтида турғазар эди. У зот мисвок қилар, таҳорат олар ва намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривояти).

 Яна: “Мисвок оғизни поклагувчи ва Раббни рози қилувчидир”, – деганлар (Имом Насоий ривояти).

Пайғамбаримиз рўза вақтларида ва рўза бўлмаган пайтларида, уйқудан турганларида, таҳорат вақтида, намозгача ва ундан кейин уйга кирганларида ва бундан бошқа пайтларда ҳам доим мисвок қилар эдилар.

2. Расулуллоҳ ўзларининг ташқи кўринишларига эътибор берардилар. У зот чиройли кўринишлари, кийимлари орасталиги, ҳидлари ҳушбўйлиги ва сочлари таралганлиги билан ажралиб турар эдилар.

Энди Пайғамбаримиз ҳаётларида ташқи кўринишларига қандай эътибор берганлари ҳақида сўз юритамиз.

Биринчи хислатлари. Расулуллоҳ кийимлари гўзал бўлишига эътиборли эдилар. Либослари доимо бежирим гўзал кўринишда бўлар эди.

“Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди”,  дедилар Пайғамбаримиз. Шунда бир киши: “Албатта, бир киши устки кийими ва оёқ кийими чиройли бўлишини яхши кўради”, деди. “Албатта, Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради...” дедилар (Имом муслим ривояти).

Иккинчи хислатлари. Расулуллоҳ сочларига ҳам қаттиқ эътибор берар эдилар. Сочларини қирдирар ёки шундайлигича қолдирардилар. Яна сочларини фақат ҳайитда олдириб, кўпинча қолдирар эдилар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримизнинг сочлари қулоқларининг ярмигача тушар эди” (Имом Насоий ривояти).

Гоҳида сочларини ўзлари тарар эдилар. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳга соч тараш ва таҳорат олишда ўнг томондан бошлашлари ёқар эди” (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Баттол айтади: “Таржил – соч ва соқолларни тараш ва ёғлаш. Бу нарса покланиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси 31-оят).

Яна бир ҳадиси шарифда: “Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 Бу ҳадисда сочга эътибор қилишга, уни доимо батартиб тутишга очиқ-ойдин чақириқ бор.

Учинчи хислатлари. Расулуллоҳ хушбўй нарсаларни яхши кўрар ва кўпинча хушбўйланиб юрар эдилар. У зотга муаттар нарсаларнинг энг яхшиси миск бўлиб, уни қайтармас эдилар.

Пайғамбаримиз: “Кимга райҳон берилса, уни рад қилмасин. Чунки унинг юки енгил, лекин ҳиди ҳушбўйдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Тўртинчи хислатлари. Набий алайҳиссаломнинг акса уриш ва эснашга бўлган муносабатлари.

У зот акса урсалар, юзларини қўллари ёки кийимлари билан ёпар ва овозларини тўсар эдилар.

Пайғамбаримиз эснашдан қайтарар, кимга эснаш ғолиб бўлса, қўлини оғзига қўйишни буюрар эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Вақтики сизлардан бирингиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Чунки оғзига шайтон киради” (Имом Муслим ривояти).

Манба: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!