Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳақида ёлғон тўқиган одамга қандай жазо бор?

Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳақида ёлғон тўқиган одамга қандай жазо бор?

Усайд ибн Абу Усайддан, у онасидан ривоят қилинади:

«Абу Қатодага:

«Сенга нима бўлган ўзи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтган одамларга ўхшаб ҳадис айтмайсан?» дедим.

Абу Қатода:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, ўзининг ёнбоши учун дўзахдан ёнбошлайдиган жойнинг осон бўлганини билаверсин», деганларини эшитдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни айта туриб, ерни қўллари билан силадилар», деди». 

Бухорий ривоят қилган.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар», деб гапирган одам ўзига дўзахдан жой тайёрлаб қўйган бўлар экан. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан гапирилган ҳар бир сўз жиддий далил, ҳужжат бўлади, иймон-эътиқодга, шариатга, амалга, ибодатга, ҳалол-ҳаромга аниқлик киритади.

Шу маънода ниҳоятда эҳтиёт бўлиш зарур бўлади. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлганлиги ҳақиқат сифатида юзага чиққан ҳадисларнигина уларнинг ровийларини, уларни тўплаган имомларнинг исмларини айтиб, ҳадис эканлигини исбот қилиб гапириш мумкин.

Билиб-билмай, ўз фикрини қўллаб-қувватлаш учун, кимларгадир яхши кўриниш учун, бирор мақсадга эришиш учун йўқ нарсани ҳадис деб гапирган кишилар дўзахий бўлишлари аниқ экан.

Бу қоидани жуда яхши ёдда сақлаб қолишимиз ва ҳадис деб, ҳар турли нарсаларни гапиравермаслигимиз керак. Фақат аниқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг, ривоятнинг ҳадис эканлигини билгандан сўнг, иложи бўлса, ҳеч бўлмаганда ровийлардан охирги ҳалқа саҳобийни билиб, ўша саҳобийдан ривоят қилган ҳадис имомларини аниқлагандан кейингина айтиш, ёзиш ёки ўқиш керак бўлади.

Бу жуда ҳам нозик нарса бўлиб, мўмин-мусулмонлар қадимдан бунга катта эътибор беришган, уламоларимиз жон фидо қилиб ҳадисларнинг дахлсиз, бузилмай сақланиб қолиши учун қўлларидан келган барча ишларни қилганлар. Улар ёлғончилиги исботланган баъзи кимсаларни фош қилиб, уларнинг рўйхатини тузиб, ҳаммага эълон қилиб, шармандаларини чиқариб келишган. Ҳадисларга нисбатан бундай эътибор бизда ҳам йўлга қўйилиши лозим.

Manba: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!