ПАХТА ТЕРГАН СОЛИҚ ТЎЛАМАЙДИ

ПАХТА ТЕРГАН СОЛИҚ ТЎЛАМАЙДИ

Шу йилнинг 17 сентябрида Самарқанд вилояти ҳокимлигида 2018 йил пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш баёнида қайд этилишича, теримчилар ва отряд раҳбарларига меҳнат ҳақи тўлашда имтиёзлар берилади.

Жумладан:

- Солиқ кодексининг 179-моддаси 33-бандига мувофиқ, пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахслар, жумладан отряд раҳбарларининг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадларига солиқ солинмайди;

- Солиқ кодексининг 308-моддасига мувофиқ, пахта йиғим-терим бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар, жумладан отряд раҳбарлари томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди;

- жамоат ишларига жалб этилаётган жисмоний шахслар республика Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан оладиган даромадлари бўйича жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловидан озод қилинди;

- жамоат ишларига жалб этиладиган ҳамда республика Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жисмоний шахслар меҳнатига тўланган ҳақ сифатида олинган даромадлар ягона ижтимоий тўловга тортилмайди;

- 2018 йил ҳосилидан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан ушбу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларига фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

Эслатиб ўтамиз: бу йил пахта хомашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 400 минг сўм, қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда - 60 фоиздан 80 фоизгача - 850 сўм, учинчи босқичда - 80 фоиздан ортганда - 1000 сўм ҳақи тўланади.

Тижорат банклари ходимлари терилган пахта учун ҳар беш кунда (дам олиш кунларига тўғри келишидан қатъий назар), зарур бўлганда кунлик тарзда терим пулларини дала бошида тарқатади.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси, ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари раҳбарлари терим пулларининг ўз вақтида тарқатилишига шахсан жавобгар саналади.

2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда 18 ёшга тўлмаган ёшларни, бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларини терим тадбирларига, шунингдек, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатга жалб қилиш қатъиян ман этилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!