Пахта деб кимлар «жон» берса, кимлардир «улкан хирмон» олибди. Прокуратура қатор жиноятларни фош қилди

Пахта деб кимлар «жон» берса, кимлардир «улкан хирмон» олибди. Прокуратура қатор жиноятларни фош қилди

Ўзбекистонда пахта экини узоқ йиллар давомида давлат сиёсати мақомида бўлган. Бир тарафда миллионлаб инсонлар унга «миллий бойлик» сифатида қараб, кечаю-кундуз далаларда тер тўккан бўлса, маълум бир тоифа ўз «жиғилдони»ни тўлдириш пайида бу вазиятдан муттасил фойдаланиб келган.

Сўнгги вақтларда пахта экини билан боғлиқ ҳолат ўзгарди. Мажбурий меҳнат деярли йўқотилди, пахта экиладиган далалар ҳажми йилдан-йилга қисқариб боряпти, қўшиб ёзишлар, тарозидан уришларга қарши жиддий кураш бошлаб юборилган. Аммо, бу чоралар соҳада «пихи»ни ёрган уддабуронлар «шашти»ни ўлдиришга етарли бўлмаяпти.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Пахта хомашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан «Xabar.uz»га тақдим этилган маълумотларга кўра, 2018 йилги пахта мавсумида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ўнлаб жиноят ишлари қўзғатилган.

Жумладан, 2018 йилги пахта мавсумида 561,7 тонна (266.6 млн сўмлик) пахта қўшиб ёзилган, 22,3 тонна ҳосил камайтириб кўрсатилган. Шунингдек, пахта мавсумида умумий ҳажми 755,6 млрд сўмлик турли жиноятлар фош этилган.

Уларнинг айримларидан мисоллар келтирамиз:

Қўшиб ёзиш ва пора

Андижон вилояти Булоқбоши туманида Хўжаобод пахта тозалаш маскани классификатор-катта товаршуноси 2018 йил 10 октябрь куни бир нечта фермер хўжаликлари ҳисобига жами 7 та ҳолатда 13 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзган.

Эвазига эса 2 400 АҚШ доллари ва 4,4 млн. сўм пулни пора тариқасида олгани аниқланган.

Ушбу ҳолатда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми, 209-моддаси 2-қисми ва 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тарозини алдаш «санъати»

Андижон вилояти Марҳамат тумани Ўқчи пахта тозалаш маскани классификатор-катта товаршуноси 5 нафар фермер хўжаликлари билан жиноий тил бириктириб, ҳужжатларни сохталаштиради.

Сўнг тиркамаларга ўрнатилган ракамларни алмаштириб, тиркамалардаги пахталарни тўкмасдан кайтадан ўлчатиб 39,8 тонна пахта хом ашёсини қўшиб ёзган.

Унга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Трактордан пахта ясалди

Тошкент йилояти Янгийўл туманидаги Мустақиллик пахта тозалаш заводи Янгийўл маскани мансабдор шахслари томонидан 14 та фермер хўжалиги ҳисобига тракторни ҳам пахта хом ашёси сифатида кўрсатиб, ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, 19 та ҳолатда 155 млн. сўмлик 48 тонна пахта хом ашёсини қўшиб ёзишади.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқандча хакерлик

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида «Ўзстандарт» агентлиги «Самарқанд ССМ» ДУК мутахассиси ваколати бўлмаса-да, 16 октябрь куни маскандаги пахта хомашёсини ўлчаш электрон тарозининг компьютер дастурига рухсатсиз кирган.

Сўнг тарозида носозликни юзага келтириши оқибатда ушбу тарози назорат тартибида эталон тошлар билан ўлчаб кўрилганда 20 кг.га ортиқча вазнни кўрсатаётгани аниқланган.

Унга нисбатан ЖКнинг 278-6-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мансабга совуққонлик қимматга тушди

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги Дўстлик пахта тозалаш заводи Иржар маскани мансабдор шахсларининг мансабга совуққонлик билан қараши натижасида 208 млн. сўмлик 40,6 тонна уруғлик пахта аралаштирилиб юборилган.

Натижада 138,7 млн сўмлик техник хом ашёси ҳисобига ўтиши оқибатида, жамият манфаатларига 69,3 млн. сўм зарар етказилган.

Маскан мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Умуман олганда, пахта билан боғлиқ жиноятлар энг кўп Тошкент вилоятида содир этилган – 17 та. Кейинги ўринларда Жиззах (8 та), Андижон (5 та),  Бухоро (4 та), Самарқанд (3 та), Хоразм, Наманган, Сирдарё (2 тадан) ва Сурхондарё (1 та) қайд этилган.

Manba: 7news.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!