Парижда яшаган темурийзода нега Ватанига келолмаган?

Парижда яшаган темурийзода нега Ватанига келолмаган?

1992 йилнинг ёзида илк марта Парижга халқаро илмий конференцияга борганман. Самарқанд тарихи ва маданиятига бағишланган ушбу конференция ЮНЕСКО қароргоҳида бўлиб ўтган эди.

Анжуман кунлари француз ҳамкорларимиздан бири, профессор Франц Грене Парижда Темур ва темурийлар тарихи ҳамда маданияти билан шуғулланувчилар бирлашмаси борлигини эшитганмисиз? деб сўраб қолди.

Йўқ, дедим.

Агар хоҳласангиз, мен сизни ассоциация раҳбарлари билан таништираман, деди Франц.

Яхши бўларди.

Орадан бир кун ўтгач, Франц билан ассоциациянинг бош котибаси Фредерик Брессанд хонимнинг уйига бордик. Бу ерда бизни бир неча киши кутиб турарди. Улар билан танишдик. Шу ерда биринчи марта Темурийлар ассоциацияси президенти, профессор Люсьен Керэн билан танишдим. Профессорнинг Ўзбекистонга ва Амир Темурга чуқур, самимий ҳурмати бор экан. Ўша куни алламаҳалгача суҳбатлашдик, суҳбат орасида профессор Люсьен Керэн мендан Парижда яшаган темурийзода Исломбек Худоёрхон ҳақида эшитганмисиз , деб сўради. Мен йўқ жавобини бергач, профессор Эртага сизни Исломбек Худоёрхон дафн қилинган қабристонга олиб борамиз , деди.

Эртаси Люсьен Керэн, Фредерик Брессанд хоним билан бирга Париждаги машҳур Пьер ла Шез қабристонига бордик. Бу катта ва қадимий қабристонда Франциянинг машҳур инсонлари абадий уйқуда ётишибди. Қабристонга зиёратга келувчилар қийналмаслиги учун кириш эшиги олдида қабрларнинг жойлашиши ҳақида маълумот берилган. Маълумотнома билан танишиб, қабристон маркази томон юрдик. Марказда баландлиги тахминан уч метрлик девор бор эди. Биз деворнинг олдига келиб, тўхтадик. Деворда махсус идишларни ўрнатиш учун тўртбурчак кавакчалар ясалган. Исломбек Худоёрхон ва унинг рафиқаси Александра Худоёрхоннинг хоклари девордаги кавакларга ўрнатилган экан. Каваклар пастига француз тилида Исломбек Худоёрхон (1889-1983) ва Александра Худоёрхон (1894-1972) сўзлари битилган. Девор ёнига тиз чўкиб, икки ватандошимнинг руҳи покларига бағишлаб, Қуръон тиловат қилдим.

Кейинги учрашувимизда Люсьен Керэн Исломбек Худоёрхон ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди ва Исломбекнинг бир суратини, бир нечта хатлари нусхасини совға қилди.

Ўзбекистонга борганингизда жаноб Исломбек ҳақида мақолалар ёзинг. Ўзбек халқи ўзининг бундай машҳур ва фидойи ўғли ҳақида албатта билиши керак, деди у.

Ўзбекистонда Исломбек Худоёрхон ҳақидаги мақолаларим матбуот орқали эълон қилингач, у кишининг жиянлари Темурбек Худоёрхонов, Музаффархон Ҳайдаров ва таниқли олим, профессор Шариф Юсупов билан танишиб, суҳбатлашдим. Исломбек Худоёрхон ҳақидаги маълумотларим аста-секин йиғилиб, йирик бир мақолага етарли даражага етди. Қуйида ўша маълумотларнинг айримларини сизга илинмоқчиман.

Парижда яшаган темурийзода Исломбек Худоёрхон Тошкент шаҳридаги Қашқар маҳалласида, Қўқон хони Худоёрхоннинг иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбекхон хонадонида таваллуд топган. Мустақил Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан ағдарилиб, унинг ўрнига Туркистон генерал-губернаторлигига қарам Фарғона вилояти ташкил этилганидан сўнг Муҳаммад Аминбек 1876 йилда Қўқондан Тошкентга кўчиб келиб, бу ерда ҳовли жой сотиб олади.

Қўқон хонлиги билан Россия империяси ўртасида имзоланган тинчлик шартномаси бўлишига қарамай, Оқ подшо маъмурияти турли найранг ва баҳоналар билан Қўқон хонлигини йўқ қилишга эришади. Император Александр II фармонига кўра, хонлик ўрнида Россия империясига қарам Фарғона вилояти тузилади.

photo5284985905616104091.jpg

Марҳум профессор Шариф Юсуповнинг аниқлашича, Исломбек дастлаб етти йил Оренбургда, кейин икки йил Москвада ўқийди. Россияда Октябрь тўнтариши содир бўлганида Исломбек 28 ёшда эди. Хоннинг набираси, бунинг устига Оқ подшо тизимидаги ҳарбий ўқув юртини тугатган Исломбек учун Туркистонда қолиш жуда хавфли эди. Шу боис, у хорижга кетишга қарор қилади. Исломбекнинг қай тарзда Парижга бориб, у ердаги Афғонистон элчихонасида иш бошлагани тўғрисида аниқ маълумот сақланмаган. Ш.Юсуповнинг ёзишича, Исломбек Афғонистон ҳукумати номидан Франция ва Швейцарияда элчихоналар ташкил этиб, қарийб 50 йил давомида дипломатия соҳасида меҳнат қилган. Шунингдек, домла Исломбекнинг Францияга Москва орқали чиқиб кетганини таъкидлайди.

Исломбек Франциядаги Афғонистон элчихонасида ишлаган пайтида кўплаб туркистонлик муҳожирларга амалий ёрдам беради.

Исломбек Худоёрхон ХХ асрнинг 50-йилларида француз олими Люсьен Керэн билан танишгач, улар ўртасида яқин дўстлик пайдо бўлади. Айниқса, Люсьен Керэннинг Амир Темур ва темурийлар тарихи билан қизиқиши бу дўстликни янада мустаҳкамлайди.

Люсьен Керэннинг айтишича, у ўтган асрнинг 60-йилларида СССРга илмий сафар билан келади. Француз олимлари Ўзбекистондаги Мирзачўлни ўзлаштириш тажрибаси билан қизиқади. Люсьен Керэн сафарга жўнашидан олдин Исломбек билан учрашади. Исломбек унга янги фотоаппарат ва бир нечта плёнка бериб, Ўзбекистондаги Амир Темур ва темурийлар билан боғлиқ барча нарсаларни расмга олишни сўрайди. Ўзбекистонга келган Люсьен Керэн Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, бу шаҳарлардаги ёдгорликларни суратга олади. Парижга келиб барча плёнкадаги кадрларни қоғозга чиқариб, Исломбекка беради. Исломбек ҳар бир суратни диққат билан кузатар экан, Люсьен Керэнга қараб Кўрдингизми, менинг аждодларим қандай буюк цивилизация яратганлар. Афсуски, буларни ўз кўзим билан кўриш ҳуқуқидан маҳрумман дейди кўзларига ёш олиб.

Исломбек Худоёрхоннинг дипломатия соҳасидаги хизматлари Франция, Швейцария ва Афғонистон ҳукуматлари томонидан юксак қадрланган. У Франциянинг юксак мукофоти Фахрий легион , Афғонистоннинг Вафо нишони (Афғонистонда бундай орденнинг биринчиси подшо Омонуллахонга, иккинчиси Исломбек Худоёрхонга насиб этган, холос) орденларига, Швейцариянинг хорижликларга бериладиган юксак мукофотларига сазовор бўлган.

1972 йилда Исломбекнинг хотини Александра хоним вафот этади. Уларнинг фарзанди йўқ эди. Шу сабабли Исломбек ёлғизланиб қолади. У элчихонада ишлаб юрганида бир неча ёш афғон йигитларига оталиқ қилиб, уларни тарбиялаган, Францияда ўқитган эди. Тахминларга кўра, Исломбек жаноблари Афғонистоннинг бўлажак подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳни Францияда тарбия қилган. У кишининг яна бир тутинган ўғли, доктор Акром жаноблари ҳам Исломбекнинг тарбиясини олиб, моҳир элчи бўлиб етишади ва узоқ йиллар мобайнида Афғонистоннинг Франциядаги элчихонасини бошқаради.

Парижга навбатдаги илмий сафарим чоғида Исломбек Худоёрхон ҳақида бирор-бир янги маълумот олиш мақсадида Фредерик Брессанд хоним билан Афғонистон элчихонасига бордик. Афсуски, элчихона ёпиқ экан. Бу ерда биргина қоровул бўлиб, у элчихона анча вақтдан буён ёпиқ экани, элчи доктор Акром оиласи билан Америкага доимий яшаш учун кўчиб кетганини айтди.

Ёлғизланиб қолган Исломбек жаноблари бир неча марта СССР элчихонасига мурожаат қилиб, ўз Ватани Ўзбекистонга боришга рухсат беришларини сўрайди. Аммо ҳар доимгидек рад жавобини олади. Она юртига қайтишдан умидини узган Исломбек Швейцарияга боришга қарор қилади. Бу ерда Монтре шаҳарчасидаги Валмонт қариялар уйига жойлашиб, то умрининг охиригача, яъни 1983 йилгача шу ерда яшайди. Васиятига биноан унинг хокини Парижга келтиришиб, хотинининг ёнига, Пьер ла Шез қабристонига дафн этадилар.

Исломбек Худоёрхоннинг ўлимидан олдин дўсти, профессор Люсьен Керэнга ёзган мактубини ўқир эканман, унда Исломбекнинг Ватанига, сингиллари ва жиянларига бўлган соғинчи, Ватанини бир бор кўриш насиб этмай мусофирликда жон бераётгани учун ўкинч ҳислари баён этилганига гувоҳ бўлдим. ХХ аср халқаро дипломатиясида ёрқин из қолдирган, Шарқ ва Fарб мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва маданий алоқаларга мустаҳкам кўприк қурган улуғ ватандошимиз Исломбек Худоёрхон билан ҳақли равишда фахрланишимиз лозим.

Амриддин Бердимуродов,

тарих фанлари номзоди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!