Пандемия ва пандемиядан кейинги давр: хорижий давлатларда инвестиция сиёсати қандай кечмоқда?

Пандемия ва пандемиядан кейинги давр: хорижий давлатларда инвестиция сиёсати қандай кечмоқда?

Пандемия ва унинг тарқалишига қарши қаратилган чеклов чоралари дунё иқтисодиётига кескин ва сезиларли даражада зарар етказди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш суръатларининг бундай кескин пасайиши Иккинчи жаҳон уруши давридан бери биринчи марта кузатилмоқда. Жаҳон Банкининг шу йил июнь ойидаги тахминларига кўра, 2020 йили дунё иқтисодиёти 5,2 фоизга қисқариши кутилмоқда. Аҳоли жон бошига даромадлар миқдори 3,6 фоизга камайиб, бунинг натижасида ер юзининг миллионлаб аҳолиси қашшоқликка юз тутиши мумкин.

Ривожланган давлатларда иқтисодий фаоллик 7 фоизга, ривожланаётган мамлакатларда 3 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Жорий йилда Европа минтақасида ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизгача қисқариши, АҚШ ва Япония каби давлатлар ўзларининг 6,1 фоизгача бўлган Ялпи ички маҳсулотларини йўқотиши мумкин. Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисоднинг ўртача 4,7 фоизга, Россияда 6 фоизга қисқариши кутилмоқда.

БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича Конференцияси (ЮНКТАД) тахминларига кўра, пандемиянинг салбий оқибатлари 2020-2021 йилларда дунё миқёсида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 40 фоизгача қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу сўнгги 20 йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Пандемия инқирози халқаро инвестиция келишувлари ва битимлари тузилиши, давлатларнинг яқин келажакдаги инвестиция сиёсати шаклланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Халқаро миқёсда олдиндан режалаштирилган корхона ва компанияларнинг қўшиб олиш ва сингдириш жараёнлари ҳам номаълум муддатга ортга сурилмоқда. Масалан, “Amazon” корпорацияси томонидан “Deliveroo” онлайн етказиш компаниясини қўшиб олиш, “Boeing” компанияси томонидан Бразилиянинг “Embraer” авиакосмик бирлашмасини қўшиб олиш соҳасидаги битимлар шулар жумласидандир. 2020 йилнинг биринчи чорагида дунё миқёсида қўшиб олиш ва сингдириш билан боғлиқ битимлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70% га камайган.

Хорижий инвестициялар ҳажмининг жиддий қисқариши ривожланаётган давлатларга тўғри келмоқда. Пандемия чекловларига биринчилардан бўлиб дуч келган Осиё минтақаси ва МДҲ давлатларига хорижий инвестициялар оқими 30-45 фоизга камайиши кутилмоқда. Минтақадаги аксарият мамлакатларнинг асосий экспорт маҳсулотлари бўлган хом ашёлар, нефть ва газга талаб камайиб, қазиб олиш саноатига йўналтирилган инвестициялар кескин камаймоқда.

Вазиятни юмшатиш ва иш ўринларини сақлаб қолиш учун турли хорижий ҳукуматлар турли имкониятлардан фойдаланишмоқда. Аксарият давлатлар тиббий ускуналар ва дори воситалари ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга, кичик ва ўрта бизнесга солиқ имтиёзлари яратиш, уларга молиявий кўмаклашишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишмоқда. Инвесторлар учун маъмурий таомиллар соддалаштирилмоқда, инвестицияларни рағбатлантириш тартиблари кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хорижий компаниялар томонидан қўшиб олишдан ҳимоя қилувчи чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, катта зарар кўрган компанияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг акциялари давлат томонидан сотиб олинмоқда. Масалан, Италия ҳукумати Alitalia авиакомпаниясини миллийлаштиришга қарор қилди. АҚШда авиация тармоғини қўллаб-қувватлаш учун 25 млрд. доллар ажратилмоқда. Корея вакцина ва дори воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар иқтисодий барқарорлигини сақлаб қолиш учун тегишли маблағлар ажратишини маълум қилди. Нидерландияда пандемия туфайли ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган бизнес корхоналарига моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Миср Араб Республикаси камида уч йил муддатга саноат мақсадларида ишлатиладиган табиий газ нархларини 20 фоизга, оғир саноат корхоналари учун электр энергия нархларини 10 фоизга камайтирганини эълон қилган. Япония япон компанияларини пандемиянинг салбий таъсири кучли бўлган Хитойдан бошқа ҳудудларга кўчириш мақсадларига 2.2 млрд. доллар ажратган.

Айни пайтда юзага келган вазият кўплаб давлатларнинг инвестиция сиёсатини ўзгаришига олиб келмоқда. Бир томондан, шу пайтгача асосий инвесторлар сифатида намоён бўлган ривожланган давлатлар ва трансмиллий компаниялар сиёсатида иқтисодий эгоизм аломатлари, иккинчи томондан ривожланаётган давлатларнинг инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги рақобати кучайиб бормоқда. Донор мамлакатлар инвестиция оқимларини ўз ҳудудларида ушлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда, шунингдек бошқа давлатларга инвестиция киритиш шартлари янада сиёсийлашиб бормоқда. Яъни, инвестиция киритишнинг иқтисод ва бизнес билан бевосита боғлиқ бўлмаган ёндош, сиёсий мақсадларга қаратилган шартлари кучайиб бормоқда.

Маълумки, сўнгги ўн йилликлар мобайнида экспортга йўналтирилган қайта ишлаш, тоғ-кон саноати ва қазиш сингари иқтисод тармоқларига инвестициялар жалб этиш аксарият ривожланаётган давлатлар стратегиясининг асосини ташкил этган. Арзон иш кучи ва табиий ресурслардан фойдаланиб экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестициялар ўз аҳамиятини сақлаб қолаётган бўлса ҳам, эндиликда бундай инвестициялар манбаи камайиб бормоқда. Глобал миқёсда истеъмол ҳажми камайиб, табиий хом ашёларга талаб кескин пасайган бугунги шароитда иқтисодиётни ички ва минтақавий эҳтиёжларга асосланган ҳолда ривожлантириш, хорижий инвестицияларни ички инфраструктура ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтиришга алоҳида эътибор бериш муҳимдир. Қайта тикланадиган энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш сингари соҳаларга инвесторлар қизиқиши кучаймоқда.

Инвесторлар ўз маблағларини диверсификация қилиш ва мавжуд таклифларга алоҳида диққат билан қараётган бир пайтда инвестициялар жалб қилинадиган соҳа ва тармоқларга аниқлик киритиш муҳим бўлиб қолмоқда. Бунда ишга тушириш учун нисбатан узоқ вақт ва катта инвестиция маблағлари талаб қилмайдиган, пандемия шароитида ҳам даромад олиш ва иш ўринлари яратиш имконини берадиган лойиҳаларга устувор эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, жорий йилнинг июлида Жаҳон Банки Қозоғистонга чорвачиликни ривожлантириш ва экспортга мол гўшти етиштириш кластер тизимини яратиш учун 500 млн. доллар миқдорида маблағ ажратгани маълум қилинди. 5 йилга мўлжалланган мазкур лойиҳа иқтисодни диверсификациялаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Инвестициялар оқими сезилари даражада камайиб, уларни жалб қилиш жараёнида рақобат кучайиб бораётган шароитда хорижий инвесторлар учун манфаатли инвестиция лойиҳаларини таклиф қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хорижий инвесторларга тегишли имтиёзлар беришнинг ўзи билан бу масалани ижобий ҳал этиб бўлмайди. Кўп нарса инвестициялар ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилинганига боғлиқ бўлиб, бу эса ўз ўрнида тегишли қонунларнинг барқарорлиги, қонун нормаларининг ривожланган давлатларда амалда бўлган тартиб-тамойилларга яқинлаштириш билан таъминланади.

Шу мақсадда, иқтисодни жонлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида Россияда жорий йил 1 апрелида инвестицияларни ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун қабул қилинган бўлиб, қонун инвесторлар билан давлат ўртасида инвестор маблағларини ҳимоя қилинишини кафолатловчи махсус келишувни назарда тутади. Унга кўра давлат инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мобайнида (6 йилдан 20 йилгача бўлган муддатда) инвесторга нисбатан амалдаги қонунчилик талабларининг ўзгартирмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бундай шартнома тузиш учун инвестор ваколатли давлат органига хабар бериш тартибидан фойдаланади. Бу жараёнда инвесторга қўйиладиган барча талаблар қонунда кўрсатиб ўтилган. Бироқ ушбу қонуннинг таъсир доирасига тушадиган инвестиция лойиҳалари ҳажми нисбатан катта бўлиб, қонун нормаларидан фақат йирик компаниялар манфаат кўришлари мумкин. Масалан, давлат номидан шартнома тузилиши учун киритилаётган инвестиция миқдори 10 миллиард рублдан (тахминан 12,7 млн. доллар) кам бўлмаслиги талаб қилинади. Шу маънода аксари мутахассислар қонун нормалари барча инвесторлар учун бирдай татбиқ этилиши кераклиги ҳақида фикрлар билдиришмоқда.

Устувор йўналишларда лойиҳалар амалга ошириш жараёнида инвесторга нисбатан амалдаги қонунчилик талаблари ўзгармаслиги давлат томонидан кафолатланадиган бундай тартибни ўрнатиш Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Жаҳон Банкининг 2020 йил 7 октябрда эълон қилинган Европа ва Марказий Осиё бўйича иқтисодий шарҳида таъкидланганидек, хусусий тадбиркорликка қулай шароитлар яратиш, давлатга қарашли ёки давлат амалдорлари билан алоқадор корхоналарга нисбатан алоҳида ёндашувни истисно қилган ҳолда барча учун тенг имкониятлар берилиши минтақада иқтисодий ривожланишни белгиловчи асосий омиллардан биридир. Айни пайтда маҳаллий инвесторларни рағбатлантириш, қонунчиликда хорижий инвесторларга мўлжалланган енгиллик ва имтиёзларни маҳаллий инвесторлар учун ҳам татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, яқинда Хитойда жорий қилинган эркин иқтисодий ҳудудлардаги имтиёзлар режими маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун бир хил шартларда тақдим этилиши ҳақидаги тартиб шундай чора-тадбирлардандир.

Пандемия таъсирини юмшатишга қаратилган тадбирлар солиқ ва молия жиҳатидан фақат корхоналар ва алоҳида тармоқларни эмас, балки уларнинг ходимларини ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилиши кераклиги таъкидланмоқда.

Анвар ЭМИНОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!