Пандемия сабабли деярли бутун дунёда иш ҳақи пасайди

Пандемия сабабли деярли бутун дунёда иш ҳақи пасайди

COVID-19 пандемияси оқибатида 2020 йилнинг биринчи ярмида дунё давлатларининг учдан икки қисмида иш ҳақи пасайди ёки секинлашди. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳисоботида келтирилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Ҳисоботда қайд этилишича, яқин келажакда инқироз туфайли иш ҳақининг сезиларли пасайиш тенденцияси сақланиб қолади. Таъкидланишича, инқироз, айниқса, аёллар ва кам маош тўланувчи ишчилар иш ҳақига таъсир кўрсатди.

ХМТга маълумот тақдим этган мамлакатларнинг учдан бирида ўртача иш ҳақи «бир қарашда ошган» бўлса-да, аслида, мутахассисларнинг фикрича, бу кам маошли ишчиларнинг аксарияти у ерда ишдан кетгани ва ёлланма ишчи сифатида ҳисоблаш тўхтатилгани билан боғлиқ. «Бандликни сақлаб қолиш учун қатъий чоралар кўрилган мамлакатларда инқирознинг таъсири иш ўринларининг ёпилиши эмас, балки иш ҳақининг пасайиши бўлди», — дейилади ҳисоботда.

«COVID-19 инқирози оқибатида тенгсизликнинг кучайиши камбағалликнинг ва ижтимоий-иқтисодий беқарорликнинг ҳалокатли даражада ортишига олиб келиши мумкин», — деган ХМТ бош директори Гай Райдер.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, «меҳнат учун минимал иш ҳақининг адекват даражада белгиланиши ишчиларни меҳнатга яраша ҳақ тўланмай қолишидан асраши ва тенгсизлик даражасини камайтиришга ёрдам бериши мумкин». Бундай сиёсат самарали бўлиши учун «кенг қамровли ва комплекс чора-тадбирлар» зарур. Мутахассисларнинг қайд этишича, ривожланаётган давлатларда, шунингдек, бозор иқтисодиёти шаклланаётган давлатларда меъёрларга кўпроқ риоя қилиниши одамларни норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга кўчиришни назарда тутади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!