Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклади
Видеоселекторда маълумот берилишича, мазкур йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4 триллион сўм ажратиш белгиланган. Лекин йил давомида қўшимча маблағлар ҳам йўналтирилиб, аҳоли ва тадбиркорларга жами 5,2 триллион сўм имтиёзли кредитлар берилган.
Йиғилишда ушбу маблағларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Мисол учун, Шовот туманида 26 миллиард сўм оилавий кредит ажратилиб, бир ярим мингта иш жойи яратилган. Яъни, 1 миллиард сўм кредитга 56 та янги иш ўрни тўғри келган.
Бу кўрсаткич Қўшработда 57 та, Музработда 49 тани ташкил этган.
Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани қайд этилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди.