Озодбек Назарбеков: «Талабалар устозларнинг муносабатидан норози экани жуда афсусланарли»

Озодбек Назарбеков: «Талабалар устозларнинг муносабатидан норози экани жуда афсусланарли»

Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков санъат йўналишида таҳсил олаётган йигит-қизлар, ижодкор ёшлар билан учрашди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан миллий санъат ва маданият равнақига катта эътибор қаратилмоқда. Соҳага тааллуқли миллий қонунчилик муттасил такомиллаштириб борилмоқда. Мақом, бахшичилик санъатига оид халқаро фестивалларнинг мунтазам тарзда ташкил этилаётгани соҳа равнақида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бироқ камчилик ва муаммолар ҳам бор. Маданият вазири О.Назарбеков мавжуд долзарб масалаларни ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилиши муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишда, алалоқибатда эса уларнинг ҳал этилишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Учрашув давомида санъат йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг амалиёт ўташи билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Айни пайтда ёшларнинг устозлар ўгитига беэътиборлиги, бесабрлиги, шошма-шошарлиги ҳам бор гап экани рўй-рост айтилди.


– Амалиёт жараёнида билим ва тажриба ёшларга кўпроқ сингади, – деди маданият вазири О.Назарбеков. – Соҳада талабаларнинг амалиёт билан боғлиқ вақти жуда кам. Ахир, айнан амалиёт жараёнида тажриба орттирилади. Ўз камчиликлари устида ишлаш бошланади. Устозлар талабаларнинг феъл-атворидан, ёшлар эса устозларининг муносабатидан норози экани жуда афсусланарли ҳолатдир. Шахсан ўзим устозларнинг дилини оғритишни фожиа, деб биламан. Аксарият ёшлар устоз ҳузурига “қачон мени юзага чиқараркин“, деган фикр билан келади. Бу эса мутлақо нотўғри ёндашув. Ваҳоланки, устозларнинг йўл-йўриқлари, насиҳатлари, ўгитларини тўғри қабул қилиш ҳам ёшларнинг ўзи учун муҳимдир. “Устоз-шогирд“ мактаби ёшларнинг келгусидаги ижодида яхши сабоқ бўлиши, шубҳасиз.

Бугунги кунда мақом санъатини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани баробарида бу соҳадаги таълимни давр руҳига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириш, уни янги, янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирда бу йўналишда махсус мактаблар ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошлангани таъкидланди.


Мулоқотда ёшлар билан алоқаларни янада такомиллаштириш, санъат йўналишидаги олий ўқув даргоҳларининг дарс жадвалидаги фанларни янада оптималлаштириш, ўзбек миллий мусиқа санъатига доир дарслик ва қўлланмалар нашр этишни янги босқичга кўтариш, кино, театр, мусиқа ва бошқа йўналишларда ижод қилаётган ёшларнинг ўзаро мулоқотига кенг йўл очиш, билим даргоҳларини мусиқа асбоблари билан таъминлашни янада яхшилашнинг истиқболлари хусусида батафсил фикр юритилди.

Manba: uza. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!