Оёқ гангренаси - коронавируснинг яна бир қўрқинчли асорати деб баҳоланди

Оёқ гангренаси - коронавируснинг яна бир қўрқинчли асорати деб баҳоланди

Сингапурлик шифокорлар коронавирус келтириб чиқарадиган яна бир асоратни исботлашди. Бу аортада тромблар пайдо бўлганда ривожланадиган оёқ гангренасидир.

Шифокорларнинг таъкидлашича, 39 ёшли эркак кутилмаганда ўнг оёқдаги кучли оғриқдан шикоят қилган. Унинг учта бармоғида эса гангрена ривожлана бошлаган. Тиббиёт ходимлари бу аортада қон қуюқлашиши туфайли келиб чиққанини айтишмоқда. Бунгача у ўпкани сунъий вентиляция қилувчи аппаратга уланган бўлиб, бир неча кун ҳушсиз ҳолатда ётган. Эркакни тезда операция қилишиб, унга доимий стент ўрнатишди. Уч ойдан сўнг унинг гангренаси йўқолиб, бемор яна бемалол юра бошлади.

«Катта қон айланиш доирасининг энг йирик қон томири ҳисобланган аортада камдан-кам ҳолларда тромб юзага келади», — деди Тан Ток Сен шифохонасининг етакчи маслаҳатчиси, умумий жарроҳлик бўлими бошлиғи, профессор Гленн Тан.

Унинг тасдиқлашича, бемор иситма ва нафас сиқиши билан шифохонага ётқизилган, унда бошқа касалликлар қайд этилмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, COVID-19 билан касалланган оғир беморларда тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори бўлиб, бу инсульт, юрак хуружи ва бошқа хавфли асоратларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Профессорнинг қўшимча қилишича, тромб пайдо бўлган коронавирус беморлари кўп эмас. Чунки уларнинг аксарияти нисбатан ёш ва соғлом инсонлардир.

«Оёқ гангренаси диабет каби касаллиги бўлмаган ёшлар учун ноодатий ҳол», — дея изоҳлади Тан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!