Охиратда сояда туриш учун нима қилиш керак?

Охиратда сояда туриш учун нима қилиш керак?

Жазирама иссиқда дарахт, уй, том кабиларнинг соясида туриш кишини иссиқдан бироз салқинлаб олишига ёрдам беради. Ҳа, инсон қаттиқ иссиқ бўлган пайтларда соя-салқин жой топишга интилади. Бу дунёнинг иссиғидан соя жойларга қочишга интилган инсон солиҳ амалларни кўпроқ бажариб, охират иссиғидан соя-салқин жойга қочишга уринмайди ёки уринувчилар жуда озчиликни ташкил этади.

Охиратда қуёш бандаларнинг бошларига яқин олиб келинади. Демак, ўша кунда соя-салқин жойларда туришга бу дунёдагидан кўра кўпроқ муҳтож бўлишимизни яхшилаб ўйлаб кўрайлик!

Қуёш бошимиз устида туриб иссиқ пуркаётган, одамлар бу дунёдаги амалларига қараб турли даражада терларига ботаётган вақтни ўйлаб кўрайлик!

Ана шундай оғир дамларда соя-салқин жойларда роҳатланадиганлар ҳам бўлади. Буни биламизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўнг томон эгаларига бериладиган неъматларни зикр қилиб шундай марҳамат қилган: “Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалари не(саодатлилар)дир! Улар тиконсиз сидрзорлардадир. (Сидр-ҳушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар уни ҳиди учун яхши кўрар эканлар. Аммо тикани жуда кўп бўларкан.) Сермева бананзорлардадир. Ва ёйилган соялардадир. Оқар сувлардадир. Сероб мевалардадир. Тугамайдиган ва ман қилинмайдиганлардадир. Баланд-баланд кўрпачалардадир” (Воқеа сураси, 27-34-оятлар).

Ушбу оятда ўнг томон эгалари жуда кўп неъматлар ичида бўлишлари баён этилиб, шулар орасида “Ва ёйилган соялардадир” деган неъмат ҳам зикр қилинмоқда. Демак, “ёйилган соя” жаннат аҳли учун ато этиладиган неъматлардан бири экан.

Маълумки, охиратда маълум тоифа кишилар Аллоҳнинг соясида бўлишади. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло У Зот соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Ўз соясига олади. (Булар:) одил имом, Парвардигорига ибодат қилиб улғайган йигит, қалби масжид билан боғлиқ бўлган киши, Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриб, У Зот учун йиғилган ва ажрашган кишилар, мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган киши, ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган тарзда махфий садақа қиладиган киши, ёлғиз қолганида Аллоҳни зикр қилиб кўз ёш тўккан киши” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Ушбу ривоятда қиёмат куни Аллоҳнинг иноятига сазовор бўлувчи кишилар зикр қилинмоқда.

Ҳадисдаги “Аллоҳнинг сояси” уламолар томонидан бир неча хил таъвил қилинган:

Арш сояси;

Тубонинг сояси;

Жаннат сояси;

Аллоҳнинг раҳмати, ҳимояси ва паноҳи.

Биз бу ҳадисда зикр қилинган амалларни ихлос билан бажарсак, ана ўшанда охиратдаги қуёш иссиғидан омонда, роҳат ичра бўламиз. Бироқ соянинг узунлиги қанчалик бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло барчамизни қиёмат куни Ўзининг Аршининг соясида турадиганлар сафида қилсин!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!