ОТМ фан олимпиадаси низомини ўзгартириш вақти келдими?

ОТМ фан олимпиадаси низомини ўзгартириш вақти келдими?

«Республика талабалар фан олимпиадаси хусусида кескин инкор қилиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқат мавжуд: олимпиаданинг республика босқичи одатда ўзаро келишмовчиликлар, норозиликлар билан тугайди. Кўп ҳолларда 1-ўрин ташкилотчи олий таълим муассасасига, 2-ўрин таянч ОТМга, 3-ўрингина ҳақиқий талабгорга (шунда ҳам талаба ва унинг ўқитувчиси тортишувларда енгиб чиқа олса) насиб қилади. Бу эса йиллар давомида олимпиада нуфузининг тушиши, унга паст назар билан қаралишига сабаб бўлмоқда» . Бу ҳақда Maʼrifat нашри ёзмоқда.

«Яқинда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида «Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси»  мутахассислиги бўйича республика фан олимпиадасининг иккинчи босқичида масъул вакил сифатида иштирок этдим. Ушбу жараёнда бир неча маротаба ечими низомда кўрсатилмаган мунозарали ҳолатларга дуч келдим. Назаримда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Олий таълим муассасалари талабалари республика фан олимпиадаси тўғрисида» ги низомини такомиллаштириш вақти келди”, ─ дея ёзади мақола муаллифи, Қарши давлат университети «Ўзбек тилшунослиги»  кафедраси мудири Башорат Баҳриддинова. 

Муаллифга кўра, фан олимпиадасининг олий таълимдаги шаклини сақлаб қолиш учун олимпиада тўғрисидаги низомга бир қатор жиддий ўзгартиришлар киритиш лозим. Хусусан:

Биринчидан, олимпиадага илмий салоҳияти юқори, маънавий етук, зиммасида жавобгарлиги бўлган мутахассислар жалб қилиниши лозим.

Иккинчидан, ҳар қандай танлов натижаси учун рағбат муҳим роль ўйнайди, яна бу фан олимпиадаси бўлса. Нега ОТМ талабалари олимпиадаси учун имтиёз белгиланмаган? Пул мукофоти кўрсатилган, бироқ ўз мутахассислиги бўйича таълим олишни давом эттириш, масалан, давлат гранти асосида магистратурада ўқиш ёки мутахассислик фанидан максимал баллни қўлга киритиш кабилар талаба учун муҳим имтиёз ҳисобланади.

Учинчидан, низомда олимпиада тили кўрсатилиши лозим. Иштирокчининг мулоқот тили қайси бўлишидан қатъи назар таълим ўзбек тилида олиб борилган барча йўналишларда олимпиада давлат тилида ўтиши керак. Масалан, кимдир рус тилида, кимдир қорақалпоқ тилида ёзма ишларни бажарди. Бу рақамлаб текшириш жараёнида аниқланди ва эътирозларга сабаб бўлди. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган йўналишлар учун алоҳида танлов ўтказилиши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, ҳакамлар ҳайъати аъзолари қуръа ташлаш йўли билан эмас, жамоанинг таклифи билан шу фан бўйича республикада ўзига хос ўринга ва илмий салоҳиятга эга бўлган, холис мутахассислардан сараланиб олиниши керак. Қуръа йўли билан танлаш тажрибасиз, савиясиз, ўз манфаатини устун қўядиган, талабанинг иқтидорини қадрламайдиган аъзоларнинг ҳайъат таркибига кириб қолишига сабаб бўлади.

Бешинчидан, олдинги йиллари имтиёзли ўринни олган талабанинг қайта олимпиадада қатнашишини чеклаш керак. Бу гегемонликни келтириб чиқаради. Имтиёздан бошқаларнинг ҳам фойдаланишига имконият яратиш керак.

Олтинчидан, олимпиаданинг иккинчи босқичи учун ҳар тўртта тур бўйича савол ва топшириқлар, тестлари, ижодий иш намуналари йўналишлар хусусиятидан келиб чиқиб ОТВ ташкилий қўмитаси томонидан тўпланиши, сараланиши ва муҳрланган ҳолда ташкилотчи ОТМга олимпиадага бир кун қолганда етказилиши мақсадга мувофиқ. Ташкилотчи ОТМ талабаси доимо тестлардан энг юқори балл тўплайди, чунки саволлар билан таниш бўлади-да. Вазирлик томонидан савол ва топшириқлар базасини шакллантиришда ҳамма ОТМлар жалб этилиши айтилса-да, бу иш асосан ташкилотчи ОТМ ихтиёрига қолдирилмоқда.

Еттинчидан, йўналиш, мутахассислик қатъий чегараланиши керак. Низомда умумкасбий ва мутахассислик фанлари бўйича олимпиада турларига ажратилади, лекин ҳар доим ОТМлар томонидан эътиборсизлик билан номутахассис бўлган йўналишларга талабалар юборилиши билан боғлиқ муаммолар учрайди.

Саккизинчидан, олимпиада турлари мутахассислик хусусиятларидан келиб чиқиб аниқ белгиланиши, баҳолаш мезонлари, масалан, ёзма ишнинг дафтар ёки махсус бланкаларга ёзилиши, ҳажми, ажратилган вақт ва бошқалар ҳам низомда кўрсатилиши керак.

Тўққизинчидан, талабанинг шахси ва ҳақиқатан ҳам шу йўналиш талабаси эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ўзи таҳсил олаётган муассаса раҳбарининг йўлланмаси, паспорти (асл нусхаси), баҳолаш дафтарчаси (асл нусхаси) билангина олимпиадада иштирок этиш мумкинлиги низомда шарт этиб кўрсатилиши лозим.

Ўнинчидан, олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашда талабалар фан олимпиадаси иккинчи босқичи натижалари муҳим мезонлардан бири сифатида кўрсатилиши лозим.

Мазкур ўзгартиришлар асосида фан олимпиадасининг мақомини тиклаш, талабалар ва ОТМлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мумкин.

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!