Отанг мироб бўлса ҳам...

Отанг мироб бўлса ҳам...
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги “2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда. 
 
Бунда 2019 йил ҳосили учун вилоятдаги 9 минг 597 фермер хўжалигининг 103 минг 930 гектар суғориладиган майдонларига экилган ғалла парваришида агротехник тадбирларга қатъий амал қилиш, сувдан оқилона фойдаланиш, дала бошига маҳаллий ўғит чиқариш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётир. 
 
Назорат тадбирлари давомида Нарпай тумани ирригация бўлими муҳандис-гидротехниги Э.Жўрақулов ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ҳолда “Машина” каналидаги тақсимот ҳисобини тўғри юритмагани аниқланди. Ғалла учун ажратилган сувни назоратсиз қолдиргани сабабли унга нисбатан интизомий чора қўлланилди. 
 
Ургут тумани ирригация бўлимига қарашли “Наврўз” канали бошлиғи Ш.Халилов каналнинг сув ўлчагич ускунаси йўқлиги сабабли ғалла майдонларини суғоришга деб ажратилган сувни белгиланган миқдорда бермагани учун унга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди. “Янги Ургут” канали назоратчиси Б.Шералиев ҳам сувни белгиланган меъёрдан кам бергани сабаб маъмурий жазо олди. 
 
Халқимизда “Отанг мироб бўлса ҳам, сувни ёқалаб ич” деган гап бор. Бу нақлни унутиб, сувдан фойдаланиш меъёрларига амал қилмаган, обиҳаёт исрофгарчилигига йўл қўйган фермерларга ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Самарқанд туманидаги “Зоҳидов Ҳаким неъматлари”, “Оҳалик сут маҳсулотлари”, “Сардорбек агро саховат”, Нарпай туманидаги “Нарпай Нозимжон” фермер хўжаликлари раҳбарларига ғаллани суғоришда эътиборсизлик қилгани, ғалла майдонлари ҳудудидаги ички ариқларни тозаламагани, сув истеъмоли қоидасини бузгани учун маъмурий жазо чоралари қўлланилди. 
 
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2 нафар масъул шахс огоҳлантирилиб, 1 нафар шахсга нисбатан интизомий, 33 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. 
 
А.Худоёров,
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи 

Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!