Ота-онасининг қотили бўлган фарзандлар

Ота-онасининг қотили бўлган фарзандлар

Қариб қолган отасига қўл кўтарган фарзандлар ҳақида кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда бир неча видеолар тарқалди. Ожиз аҳволдаги инсон, айниқса отанинг ўз боласи томонидан таҳқирланиши одамларнинг нафратига сазовор бўлди, албатта.

Жамоатчилик фикрлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборидан четда қолмади. Зарур чоралар кўрилиб, нодон фарзандларга маъмурий чоралар ҳам кўрилди.

Бироқ, ўз ота-онасининг қотилига айланаётганлар борлиги... Айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куядиган ҳолат. Шундай эмасми?

Ўтган йилда айнан шундай ҳолатлар содир бўлган: Андижон вилояти Избоскан туманида бирон жойда ишламайдиган, ичкиликка ружу қўйган фуқаро К. уйида маст ҳолда ногирон отаси ва онаси билан жанжаллашиб, уларни шафқатсизларча ўлдирган. Самарқанд шаҳрида эса фуқаро Ю. отаси маст ҳолда набирасини сўкканлиги учун у билан жанжаллашган ва пичоқлаб ўлдирган.

Эссиз, ўз боласининг қўлида ажал топган ота-оналар. Улар шу мақсадда фарзанд ўсдирганмиди?

Бош прокуратурада бўлиб ўтган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ана шундай ҳолатлар тилга олинди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев қотиллик жиноятлари аксарият ҳолларда оила-турмуш ва оддий маиший муносабатлар туфайли келиб чиққаётганини таъкидлади. Бундай тоифадаги жиноятларнинг 28 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғиллар ўртасида юз берган.

Бунга эса қариндош-уруғлар ёки қўни-қўшнилар ўртасидаги низо ва келишмовчиликлар тўлиқ бартараф этилмаётгани, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги камчиликлар ҳам сабаб бўлмоқда.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигига доир масалалар муҳокама қилинар экан, 2019 йилда жиноятлар сони Бухоро, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқорилигича қолгани қайд этилди.

Хусусан, қотиллик жинояти Тошкент, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида кўпайган. Профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида 51 та туман ва шаҳарларда қотиллик жинояти кўпайган.

Оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, номусга тегиш Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида сезиларли ошган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!