Освенцим ўлим лагерида 100 дан зиёд ўзбекистонлик сақланган — тадқиқот

Освенцим ўлим лагерида 100 дан зиёд ўзбекистонлик сақланган — тадқиқот

Аушвиц-Биркенау (Освенцим) немис концлагер ва ўлим лагерлари мажмуасида 100 нафардан зиёд ўзбекистонликлар сақланган, дейилади Польшада ўтказилган тадқиқот натижаларида.

Польшадаги Аушвиц-Биркенау (Освенцим) немис концлагер ва ўлим лагерлари мажмуасида сақланган ўзбекистонликларни аниқлашга қаратилган тадқиқотнинг биринчи ва энг муҳим босқичи якунига етди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига таяниб хабар қилди.

1940−1945 йилларда лагер ҳудудий жиҳатдан немисларнинг Юқори Силезия (ҳозирда Польша ҳудудида, Краков шаҳри ғарбида) жойлашган.

Тадқиқотнинг оралиқ натижаларига кўра, ўзбекистонликлар 100 нафардан кўпроқни ташкил этган. Улар лагерга асосан 1941−1942 йилларда тушишган.

«Бугун Аушвиц-Биркенауда турли сабаблардан — очлик, ўпка, юрак ва ошқозон касалликлари, совуқдан вафот этган 22 нафар ўзбек маҳбуси ҳақида маълум бўлди…» — дейилади хабарда.

Улар тўғрисида батафсил маълумотлар шакллантирилди. Тадқиқот 5 йил давомида икки давлат дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, «Aushwitz-Birkenau Fondation» фонди раҳбарияти, Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда олиб борилди. Лойиҳа мазкур ҳудуддан бўлган энтузиастлар томонидан молиялаштирилган бўлиб, польяк историографлари ва гувоҳлар кўмагида амалга оширилди.

«Дунё» маълумотларига кўра, Аушвиц-Биркенау маҳбусларининг қариндошларини аниқлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Навоий вилоятида ўлим лагерининг 22 нафар маҳбусидан икки нафарининг қариндошлари ва авлодлари топилди.

«Оталари ва боболари тақдири ҳақида хабардор бўлиш ҳам қувончли, ҳам қайғули ҳодиса бўлди. Оилалар узоқ йиллар ўз боболарини излашгани, бироқ натижаси бўлмаганини маълум қилди. Маҳаллий қабристонларда уларнинг рамзий қабрларини ўрнатишга қарор қилинди», — дея қайд этди агентлик.

Икки давлат элчихоналари айни вақтда 2021 йилнинг октябрида Ўзбекистонга 60 нафарга яқин польяк экспертлари, Польша Халқ хотираси институти тарихчи ва тадқиқотчиларининг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида улар иштирокида тадбир бўлиб ўтиши кутилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!