Ошқозон ярасига чалинган беморлар қандай таомланади?

Ошқозон ярасига чалинган беморлар қандай таомланади?



Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Олим Ғуломов жавоб берди.

— Ошқозон ярасининг олдини олиш учун, аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак, — дейди шифокор. — Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, чекмаслик ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик талаб этилади.

Консерватив муолажани имкон қадар барвақт бошлаш лозим. Бу пайтда бемор жисмонан ва руҳан дам олиши, касалликнинг тинч даврида ҳам кун тартиби ҳамда парҳезга амал қилиши зарур.

Шуни айтиш керакки, парҳез тутган беморлар даволашда жуда яхши натижаларга эришади. Бунинг учун бир кунда 5-6 марта оз-оздан овқатланиш, ўткир, тузланган, консерваланган ва дудланган таомлардан воз кечиш керак.

Қолаверса, қўй ва мол ёғи, ўткир масаллиқлар (горчица, хрен, пиёз, сирка), шунингдек шира ҳайдайдиган таомлар (гўшт ва балиқ шўрвалар, қовурилган таомлар)ни истисно қилиш мақсадга мувофиқ. Дастлабки 1-2 ҳафтада сут, кисель, дони эзиб пиширилган шўрвалар, илитилган тухум танавул қилган маъқул.

Суюқ овқатлар суткасига 5-6 мартадан оз-оз истеъмол қилинади. Беморнинг аҳволи яхшиланиб боргач, таомномага сутда пиширилган бўтқа, юмшоқ гўшт, балиқ қийма ва буғда пиширилган таомлар қўшилади.

4-5 ҳафтадан сўнг оқ нон, ёғсиз гўшт ва балиқдан пиширилган таомлар, қатиқ, сметана, творог ва бўтқалар истеъмол қилиш мумкин. Яра битгандан кейин ҳам парҳезга амал қилиш шарт. Бу эса касаллик қайталанишининг олдини олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!