Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?

Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?

Бундан бир неча соат аввал Тошкент шаҳар ҳокимияти ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида кеча, 25 июнь куни пойтахтнинг Алишер Навоий шоҳ кўчаси, “Туркистон” санъат саройи олд қисмидаги дарахтлар ноқонуний равишда кесилаётгани билан боғлиқ хабарни эълон қилди. Унда шундай дейилади: 

“Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 25 июндан 26 июнга ўтар кечасидаги кузатув давомида Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтар экан, “Туркистон” санъат саройининг олд томонида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлди.

Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида, “табаит кушандалари” диаметри 70-80 сантиметр бўлган 20 та дарахтни кесиш учун “Ягона ойна” давлат хизматлари марказидан 61 минг сўм эвазига рухсат олганликларини маълум қилишди. Воқеа жойига тезлик билан Юнусобод туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ИИББ ва прокуратура мутасаддилари чақирилди.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу ноқонуний ҳаракатга алоқадор гуруҳ қўлга олинган. Прократура назоратида соғлом дарахтларни кесиш бўйича аниқланган ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда”.

Мазкур хабар билан боғлиқ бошқа тафсилотлар QALAMPIR.UZ’га бугун, 26 июнь куни соат 8:30 да етиб келди.

Маълум қилинишича, ҳоким Ортиқхўжаевнинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари дарахт кесилишига алоқадор бўлганларни воқеа жойида қўлига кишан солиб, Юнусобод тумани ИИБга олиб кетган ва уларнинг айримлари ҳалигача ўша ерда сақлаб турилибди? Хўш, нега? 

Албатта, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзи тарқатган хабарда дарахтларнинг соғлом эканини иддао қилса-да, боғдорчиликдан хабари бор ҳар кишига видеодан кўриниб турибдики, кесилган дарахт чириб кетган. Хўш, сизнингча, бу дарахтни кесмасдан шамол ва ёғингарчиликда одамлар ва автомобиллар устига ағдарилишини кутиш керакмиди? 

Агар дарахтни кесишда иштирок этганларнинг хатти-ҳаракталари ҳақиқатан ҳам ноқонуний бўлса, улар айбдор. Аммо, улар йўл қўйган қонунбузарлик жиноий жавобгарликка эмас, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 104-моддасига оид. Шунга қарамай, ушбу ҳолатга йўл қўйган, дарахт кесилишида иштирок этганлар Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан кишанланган ҳолда олиб кетилган. Ҳолат бўйича тергов ўтказилган. Шунингдек, воқеа жойида бўлмаган Тошкент шаҳар Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори Юнусобод тумани ИИБга чақиртирилиб, у ҳам ҳибсланган. Бундан кўриниб турибдики, ИИББ сўроқ қилмасдан, суриштирмасдан уларни ҳибслаган. Ҳоким эса бунга бош-қош бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 79-моддасида “Дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса  ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деб ёзиб қўйилган. Шундай экан, кеча “Туркистон” санъат саройи олд қисмида дарахт кесганлар ва бу ишга алоқадор сифатида кўрилган бошқа масъулллар нима учун ИИБга олиб борилиб, камерага қамаб қўйилди? Биз мазкур саволларга жавоб олиш учун суриштирув бошладик. 

Энг биринчи навбатда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати ходими воқеадан хабардорлигини айтаркан, дарахт кесилишига алоқадорлар Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғи билан ҳибслангани, улар Жиноят процесуал кодексининг 224-моддасига кўра ушлаб турилганини очиқлади. Ҳайратдан яқа ушлайсан киши. Ҳокимнинг топшириғи маъмурий жавобгарликни жиноятга айлантириб юбориш кучига эгами? Қани адолат, қани қонун устуворлиги? Дарахт кесгани учун жиноий жавобгарликка тортилмайди-ку. Ё ҳокиму ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўзи ҳам қонунлардан бехабару ўзига келганда уни истаганча ўзгартирадими?  

Масалага аниқлик киритиш мақсадида, Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига бордик. Соат 13:00 лар атрофида остонада турган қўриқчи ичкарига бу ишга алоқадор ҳеч ким киритилмаётгани, кириб-чиққанлар прокуратура томонидан назоратга олинаётганини айтди. ОАВ ходими эканим, дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатни холис ўргангани келганимни айтишимга қарамасдан, мени ичкарига қўймади. Шу алфоз икки соатга яқин тик оёқда ташқарида прокуратуранинг рухсат беришини кутишга тўғри келди. Бу орада Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига қўнғироқ қилдик. Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова  билан боғландик. 

“Тергов бўлиб турган жойга сизни киритишмайди. Маълумотлар тўплангач, албатта, расмий хабар берилади. Ҳали бу ишга ноқонуний деб баҳо берилгани йўқ. Иш ўрганиляпти. Кеча кечаси бўлган ҳолатда терговга қадар текширув тайинласа ҳам, бирданига иш қўзғатилгани ёки бошқа чора кўрилгани юзасидан ҳеч нарса айта олишмайди. Терговнинг натижаси бўлиши керак”, дейди Раҳмонова. 

Биз Раҳмонованинг сўзларига қарши эмасмиз, аммо шу ўринда калаванинг яна бир учи келиб чиқяпти. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу воқеа ҳақида бонг уриб, хабар тарқатаркан, “Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида” деган жумлани ишлатган. Хўш, нима учун ҳуқуқ-тартибот органларининг хулосасиз Тошкент шаҳар ҳокимияти воқеага ноқонуний, дея баҳо беряпти. Бу ҳокимликнинг қонунни билмаслигидан далолатми ё уни менсимаслиги? 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати ходими эса ушбу иш ички ишлардан прокуратура юритувига ўтказилганини таъкидлаб, жавобни бўйнидан соқит қилди.

Биз ташқарида вазиятга ойдинлик киритилишини кутишда давом этарканмиз, эшик яқинида икки адвокатга ҳам кўзимиз тушди. Шахсини очиқлашни ва ичкаридагилардан кимнинг адвокати эканини айтишни истамаган ҳимоячилар бизга фақатгина дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатда терговга тортилиб, ичкарига олинганлар ортидан келишганини айтишди. Буни қарангки, қонун устувор бўлган Тошкентда адвокатлар ҳам ичкарига киритилмайди, улар биз каби ташқарида кутишга маҳкум этилди. 

ОАВ вакилининг киритилмаслигини қайсидир маънода тушуниш мумкин. Аммо ичкарида иши кўрилаётганларнинг адвокати киритилмаслигига нима дейсиз?

Мазкур масала юзасидан яна ИИББга мурожаат қилдик. “Улар бўлиши мумкин эмас”, деган жавоб билан қутулди ва ҳолат бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддасига биноан 4 киши қўлга олингани, 13 киши тушунтириш хати ёзганини маълум қилди. 

Шу ўринда бир неча саволлар туғилади: маъмурий жавобгарлик учун ИИБ суд санкциясисиз кимнидир ҳибсда ушлаб туриши мумкинми? Камига уларнинг адвокати ичкарига киритилмаслиги-чи? Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳали узил-кесил ҳал этилмаган ҳолатни қонунбузарлик дейишга қанчалик ҳақли? Бу саволларга тегишли ташкилотлар раҳбарларидан жавоб кутамиз. 

Масалага янада аниқлик киритиш мақсадида дарахт келсилган ўша ҳудудга – “Туркистон” саройи олд қисмига бордик. Ўша ерда Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходими сифатида ўзини таништирган Беҳруз Кўчаровнинг сўзларига кўра, кесилган терак дарахти ҳақиқатан ҳам хавфли ҳолат келтириб чиқариш даражасига келиб қолган, у “Ягона дарча” рухсати билан кесилган.

Хуллас вазият ҳамон чигаллигича қолмоқда. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ОАВ аралашувидан хабар топиб, ҳибсланганларнинг яқинларига  интернетга хабар тарқатиш уларга фақат зарар келтиришини айтиб, огоҳлантирган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан, на Тошкент шаҳар ҳокимияти, на проркуратура, на ИИББ вазиятга ойдинлик киритди. Бир неча киши ҳамон Юнусобод ИИБда қолмоқда.  

Биз ОАВ ўлароқ пойтахтда табиатга зарар келтирилаётгани, дарахтлар кесилиб, нобуд қилинаётганини қоралаймиз. Бироқ, ҳар қандай ҳолат қонун доираси кўриб чиқилиши, шунга яраша жазо қўлланилиши керак. Аксинча, қайсидир амалдорнинг хоҳиши, истаги билан қонунлар ўзгараверса, бу жамиятнинг демократлашувига эмас, авторитар тузумнинг юзага келишиги туртки бўлади. 

Жиноят кодексига дахлдор бўлмаган ушбу ҳолатда дарахт кесилишига алоқадор бўлганлар суднинг қароририсиз нима сабаб ушлаб турилгани бизга қоронғу. Бу саволга жавоб сифатида келтириши мумкин бўлган сабаблар мавжуддир. Бироқ, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамон сукут сақламоқда. QALAMPIR.UZ уларни эшитиш учун остонасига қадар борди. Улар эса жавоб бериш вақти келганида бизни ўзлари топиб олишларига ишонамиз. 

Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокими туни билан дарахтларга пойлоқчилик қилгунча, кесилиши керак бўлганларни аввалдан белгилашда иштирок этса, ёғингарчиликда анча-бунча зарарнинг олди олинармиди... 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!