Орамиздаги одамлар: ИБРАТЛИ ОИЛА

Орамиздаги одамлар: ИБРАТЛИ ОИЛА

Андижон вилояти, Бўстон туманининг Янгиобод маҳалласида ибратли оилалар талайгина. Ана шундай ибратли оилалардан бири Абдурашид ҳожи ота Давидовлар оиласи ҳисобланади. Абдурашид ота аёли Офтобхон ая билан турмуш қуришганларига бу йил 36 йил тўлади. Шундан бери аҳил-иноқ бўлиб яшаб келадилар. Уларнинг бир-бирларига бўлган меҳр-оқибати, ҳурмат-эътиборлари каби одамийлик ҳислатлари фарзандларига ҳам ўтган. Бунга маҳалладагилар ҳам ҳавас билан қарайдилар.

Абдурашид ҳожи ота йигитлик даврлари меҳнатда ўтди. Узоқ йиллар ўзига бириктирилган фермер хўжалигини бошқариб, самарали фаолият юритди. Фермер хўжалигини бошқариш, иш юритиш кўникмаларини фарзандларига ҳам ўргатди. Хонадон соҳибаси Офтобхон ҳожи ая эса шу маҳалладаги 25-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритди. Қишлоқ ёшларини илм-маърифатга ошно этди. Устоз педагог бўлиб, ҳолол меҳнат қилди. Абдурашид ота ва Офтобхон ая давлат ишларидан ошиниб, фарзандлари тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Тўрт фарзандни тарбиялаб, камолга етказиб, касбу-корли, уйли-жойли қилдилар. Мана, фарзандлари Дониёрбек, Наргизахон, Диёрбек, Дилёрбеклар ўсиб-улғайиб, ота—оналари каби меҳнаткаш, диёнатли инсонлар бўлиб камол топишди. Дониёрбек “Ватанпарвар” ташкилотининг Бўстон туманидаги ўқув спорт техника клуби раҳбари ўринбосари, Наргизахон мазкур тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, Диёрбек “Диёрбек Дилёрбек” номли фермер хўжалигини, Дилёрбек эса “Наҳотки” номли фермер хўжалигини бошқармоқдалар. Айни пайтда “Диёрбек Дилёрбек” фермер хўжалиги Бўстон туман миқёсида илғор хўжаликларидан саналади. Мазкур хўжаликнинг жами дала майдони 219,3 гектар бўлиб, шундан 80,7 гектарга пахта экилган, қолган 129,9 гектар майдонида буғдой етиштирилмоқда. Бундан ташқари хўжаликда 100 бош зотли-наслдор қора мол, 400 бош қўй чорва фермаси ташкил этилган. Фермер хўжалигининг чорвачилик тармоғида парваришланаётган чорвани узлуксиз ем хашак билан таъминлаш мақсадида 9 гектарлик майдон чорва озуқасини етиштириш учун ажратилан. Қолаверса, бу ерда узумчилик ва паррандачилик тармоқлари ҳам ташкил этилган бўлиб, фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган иссиқхонада етиштирилаётган турли резавор маҳсулотлар эса ишчилар иссиқ овқатини янада маззали бўлишини таъминламоқда. Айниқса, хўжаликнинг дала шийпонида яратилган шарт-шароитлар, хусусан, дам олиш хонаси, ошхона, ювиниш хоналари каби қулайликлар бу ерда меҳнат қилаётган аъзоларни янги марралар сари руҳлантиряпти. Ўз ўрнида Абдурашид ота ва Офтобхон аялар ота она сифатида фарзандларининг фермер хўжалигида олиб бораётган иш фаолиятларини назорат қилиб борадилар.

Ака ука Диёрбек ва Дилёрбеклар ота онасидан ўтган одамийлик фазилатлари билан бошқалардан ажралиб туради. Улар биргаликда хайрли ва савобли ишларда доимо ташаббус кўрсатадилар. Маҳалладошлари узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ҳаракат қиладилар. Улар ўзлари истиқомат қилаётган Янгиобод маҳалласи учун янги электр трансформатор ўрнатиб беришди ва бу орқали минглаб хонадонларга зиё улашдилар. Бундан ташқари мазкур маҳалладаги ички йўлларни шағаллаб берилганликлари, маҳалла марказига “Мадният маркази” қурилиши учун ўз ҳисобларидан маблағ ажратиб берганликлари ҳам уларнинг юксак одамийлик фазилатидан далолат, десак муболаға бўлмайди.

Ана шундай, бугун йўлингиз тушиб Абдурашид ота ва Офтобхон аялар хонадонида бўлсангиз баҳри дилингиз яйрайди. Чунки хонадон томорқаси мўъжазгина боққа айлантирилган. Фарзандлари, набиралари ардоғида, эъзозидаги бу икки меҳнат фахрийси ҳамон тетик ва бардам. Улар хонадон томорқасида, мўжазгина боғда асосий вақтини ўтказадилар. Унинг остида етиштирилган турли сабзавотлар эса набираларнинг қувончи.

-Бир лаҳза бўлса-да тинч ўтиролмайман, -дейди Абдурашид ота. –Боиси ҳаёт доим ҳаракатдан иборат дейишганидек, тўхтаган оним зерикиб қоламан. Турмуш ўртоғим Офтобхон билан хонадонимиз ҳамда эл дастурхонини тўкин қилишга боҳолиқудрат ҳисса қўшяпмиз. Чунки, томорқадаги хосилнинг эҳтиёждан ортиғи бозорга чиқади-да. Бунинг яна бир яхши томони бор. Ҳозирданоқ ёнимизга кирган набираларимиз Муҳаммаджон, Омонулло, Мирзиё, Мустафо, Муҳаммадяҳёлар биз каби деҳқончиликка, меҳнатга меҳр қўйишяпти. Бу уларнинг келажагига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Меҳнатдан бахт топган бу фахрийлар нафақат хонадондагилар, балки маҳалла ардоғида. Чунки, уларнинг мазмунли ўтган умр йўллари ҳаммамизга ибрат мактабидир.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!