Орадан 4 йил ўтиб кран остида ҳалок бўлганларнинг оилаларига компенсация тўланди

Орадан 4 йил ўтиб кран остида ҳалок бўлганларнинг оилаларига компенсация тўланди

2015 йилги ҳаж пайтида қурилиш кранининг қулаши оқибатида 107 нафар зиёратчи ҳалок бўлган ва юзлаб мусулмон жароҳат олган эди.

Фожиадан тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтиб, кран остида ҳалок бўлган етти нафар малайзиялик зиёратчиларнинг яқинларига Саудия Арабистони томонидан товон пули тўланди.

ArabNews хабарига кўра, ўлганларнинг меросхўрларига 1 миллион риёлдан (267 минг доллар), ярадор бўлганларнинг ҳар бирига ярим миллион риёлдан берилган. Товон пулини қирол Салман шахсий маблағлари ҳисобидан тўлаган ва чекларни Саудия Арабистонининг Малайзиядаги элчиси Маҳмуд Ҳусайн Саид Каттан тегишли оилаларга топширган.

Бундан ташқари, қурбонларнинг оилаларига Малайзия зиёратчилар жамғармаси томонидан 5000 доллар ва такафул схемаси (исломий суғурта) бўйича ҳам 5000 доллар ажратилган.

2017 йилда Саудия Арабистони суди Маккадаги краннинг қулаши бўйича Saudi Bin Laden Group компаниясини жавобгарликдан озод қилди. Ҳалокатга инсон омили сабаб бўлмагани айтилиб, компанияга қурбонларнинг оилаларига компенсация тўлаш ва масжидга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юкламаслик тўғрисида қарор чиқарилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!